Андижон вилояти Божхона бошқармасининг контрабандага қарши кураш бўлими ҳамда вилоят ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда сифатсиз дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарувчи яширин цех фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Аниқланишича, Андижон шаҳридаги манзиллардан бирида тўртта юридик шахс озиқ-овқат маҳсулотлари учун кимёвий қўшимчалар ишлаб чиқариш ниқоби остида сифат кафолатисиз дори воситалари ва БАДлар тайёрлаб келган.
Маълум бўлишича, яширин лабораторияда аҳоли орасида кенг тарқалган қарийб 100 турдаги маҳсулотлар, жумладан Vitamix, Winds Baby, Yodovit, Bifidolin, Yodoplyus каби номлардаги воситалар ишлаб чиқарилган.
Маҳсулотлар орасида болалар учун сироплар, оғриқ қолдирувчи дорилар, бўғим ва тери касалликларини даволаш воситалари, гемоглобинни оширувчи препаратлар, турли шамчалар ҳамда шифобахш чойлар бўлган.
Қайд этилишича, барча маҳсулотлар тўлиқ антисанитария шароитида ишлаб чиқарилган ва сақланган.
Рейд давомида: — дори ва БАД ишлаб чиқаришга мўлжалланган 13 та ускуна; — 6 та муҳр; — қадоқларга амал қилиш муддатини тушириш қурилмалари; — маркировка қилинмаган 214 мингта бўш шиша идиш; — 78 мингта бўш капсула; — 100 турдаги 503 209 дона тайёр дори воситалари; — 105 кг номсиз кукунлар мусодара қилинди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, олиб қўйилган маҳсулотларнинг умумий қиймати қарийб 5 млрд сўмни ташкил этади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
Изоҳ