Аввалроқ ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовга қуйидаги масалалар юзасидан парламент сўрови юборилган эди:
— йўл чизиқлари чизиш ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш;
— радарларнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги самарадорлиги;
— йўлларда сунъий нотекисликлар ўрнатишда меъёр ва стандартларга риоя қилиниши;
— ҳаракат хавфсизлигига тўсқинлик қилувчи ноқонуний тўсиқ ва бошқа конструкциялар ўрнатилиши билан боғлиқ қонунбузилишлар.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида ички ишлар вазирининг мазкур сўровга жавоби кўриб чиқилди.
ИИВ маълумотига кўра, 2022–2025 йилларда йўл чизиқлари чизиш, ҳаракатни ташкил этиш техник воситалари билан жиҳозлаш ҳамда йўл инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари учун 978,3 млрд сўм ажратилган. Шу даврда 78 844 та янги йўл белгиси ўрнатилган, 49 380 таси янгисига алмаштирилган ва 1 081 та янги светофор қурилган. Шунингдек, 20 млн 728 минг квадрат метр йўл чизиқлари чизилган.
Ҳозирда республика бўйича 5 425 та фото ва видеофиксация техник воситалари ўрнатилган. Улар жойлаштирилган нуқталар ЙТҲ таҳлиллари, ҳаракат интенсивлиги, йўл ҳолати, пиёдалар ва транспорт оқими, аҳоли мурожаатлари ҳамда мутасадди ташкилотлар хулосалари асосида белгиланган.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида ЙТҲлар сони 17,7 фоизга камайган. Шунингдек, ҳаракатни чекловчи 132 та йўл белгиси, тўхташ ва тўхтаб туришни назарда тутувчи 202 та белги демонтaж қилинган. Бундан ташқари, 203 та ноқонуний тўсиқ ва 308 та сунъий йўл нотекислиги бартараф этилган.
Бироқ “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров ИИВ жавобидаги ёндашувни қониқарсиз деб баҳолади.
Унинг сўзларига кўра, парламент сўровида асосий масала радарларни ўрнатишда тадбиркорлар билан ҳамкорлик қай даражада ўзини оқлаганини аниқлаш бўлган.
«Тадбиркорнинг мақсади — фойда олиш. Фойда ортидан ҳайдовчиларни ҳуқуқбузарликка мажбур қиладиган ҳолатлар сезиляпти ва ҳайдовчилар томонидан жуда кўп эътирозлар билдирилмоқда», — деди Қодиров.
Шунингдек, у радар ўрнатиш, тезликни назорат қилиш ва мониторинг қилиш ишлари фақат йўлларда тартибни таъминлаш мақсадида амалга оширилиши кераклигини таъкидлади.
«Бу пул ундириш воситасига айланмаслиги лозим. Шунинг учун ЙТҲларнинг олдини олиш мақсадида радар ўрнатиш ваколати мутлақо ИИВга тегишли бўлиши керак деб ҳисоблаймиз», — деди депутат.
Қайд этилишича, мазкур масала юзасидан тизимли парламент назорати олиб борилади.
Изоҳ