Жорий йил апрель ойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тезкор бўлинмалари томонидан уюшган наркожиноятчилик ва уюшган жиноий гуруҳларга қарши кенг қамровли тадбирлар ўтказилди.
Натижада гиёҳванд моддалар тарқатиш билан шуғулланган 13 та уюшган наркогуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Икки нафар гуруҳ етакчиси ва 35 нафар аъзо қўлга олинди. Шунингдек, 4 та яширин нарколаборатория, гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган 1 та интернет-дўкон аниқланиб, назорат остида халқаро етказиб бериш операцияси ўтказилди.
Тезкор тадбирлар давомида 285 кг анъанавий гиёҳванд моддалар, 410 минг дона психотроп препаратлар ва 42 литр ноқонуний прекурсорлар мусодара қилинди. Мутахассислар баҳосига кўра, мазкур жиноий тармоқлар орқали бир йил давомида 2,6 млн дона психотроп препарат, 1,4 тонна гашиш ва опий, шунингдек синтетик гиёҳванд моддалар ноқонуний тарқатилиши мумкин эди.
Бундан ташқари, уюшган гуруҳли жиноятчиликка қарши кураш доирасида яна 10 та йирик жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. 10 нафар етакчи ва 50 нафар иштирокчи ушланди.
Тергов маълумотларига кўра, улар 17 та шаҳар ва туманда тадбиркорларга босим ўтказиш, талончилик, безорилик, ўғирлик ва оғир тан жароҳати етказиш каби жиноятларни содир этган.
Шунингдек, тезкор тадбирлар доирасида Тожикистон билан ҳамкорликда халқаро махсус операция ҳам ўтказилди.
Ҳозирда мазкур йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда.
Изоҳ