Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб нодавлат тиббиёт ташкилотларига давлат тиббий суғуртаси ва берилган лицензия доирасида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан беморларга тиббий хизмат кўрсатишга рухсат берилади. Бу давлат раҳбарининг фармонида кўзда тутилган.
Бунда хусусий клиникалар лицензияда назарда тутилган барча йўналишларда тиббий хизмат кўрсатиши мумкин бўлади. Даволаниш харажатлари ҳам давлат, ҳам нодавлат тиббиёт ташкилотлари учун белгиланган ягона базавий тарифлар бўйича бюджет ҳисобидан қопланади.
Шунингдек, миллий ёки халқаро аккредитациядан (ISQua) ўтган тиббиёт ташкилотлари учун бюджет маблағлари ҳисобидан хизматлар кўрсатиш учун Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузишда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг эксперт комиссияси хулосасини олиш талаби бекор қилиниши назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, беморларни Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига ажратилган маблағлар доирасида ихтисослаштирилган амбулатор ёрдам олиш ва жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун тиббиёт ташкилотларига юбориш тартиби жорий этилмоқда.
Шу билан бирга, бюджет маблағларини алоҳида тиббиёт ташкилотлари ўртасида тақсимлаш амалиёти бекор қилинади. Бунинг ўрнига касалликлар йўналишлари бўйича ҳар ойлик молиялаштириш ҳажмларини аниқлаш тартиби белгиланмоқда.
Лицензия талаблари ва шартлари бузилган тақдирда, тиббиёт ташкилоти лицензиясининг амал қилиши фақат қоидабузарликлар аниқланган аниқ тиббий ихтисослик бўйича тўхтатиб турилиши мумкин.
Бундан ташқари, аутсорсинг асосида туғруқ соҳасида бактериологик лаборатория хизматларини ташкил этишга рухсат берилади.
Изоҳ