Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси ходимлари Шаҳрисабз тумани бўлими ва туман ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Қоратут қишлоғи "Ҳисор" маҳалласида яшовчи фуқарони қўлга олди. Бу ҳақда Экология вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, фуқаро Танхоз дарёсидан Ўзбекистон Қизил китобига киритилган 412 бош Амударё форели ва бошқа балиқларни ноқонуний овлаган.
Табиатга етказилган зарар 12 млрд 749 млн 340 минг сўмни ташкил этган. Иш материаллари Қашқадарё вилояти прокуратурасига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, 11 мартдан 31 майгача Амударё ва Сирдарёда, 26 апрелдан 10 июнгача Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг табиий сув ҳавзаларида, шунингдек, 16 апрелдан 31 майгача бошқа барча табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш тақиқланган. Бу балиқларнинг урчиш даври билан боғлиқ бўлиб, уни овлаш балиқларнинг кескин камайишига ва ҳатто айрим турларнинг йўқолиб кетишига олиб келиши мумкин.
Изоҳ