Тадбиркорларни қийнаётган муаммоли масалалар ечимига бағишланган тақдимотда рақамлаштириш ва нақд пулсиз тўловларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бир қатор товар ва хизматлар бўйича ҳисоб-китоблар нақд пулсиз шаклга ўтаётганини инобатга олиб, банк инфратузилмасини ривожлантириш, комиссия ва кешбекни қайтариш тизимини такомиллаштириш орқали бундай тўловларни фуқаролар ва бизнес учун имкон қадар қулай қилиш зарурлиги таъкидланди.
Бир жисмоний шахснинг банк карталари ўртасида пул ўтказмаларини комиссиясиз амалга ошириш имкониятини жорий этиш, аҳоли учун қулай бўлган нақд пулсиз тўлов шаклларини кенгайтириш, шунингдек, умумий овқатланиш, алкоголь, тамаки маҳсулотлари ва ёқилғи савдоси соҳаларида касса чеклари бўйича кешбекни тезкор тўлаш имкониятларини яратиш таклиф этилди.
Шунингдек, банк карталари бўйича операциялар хавфсизлигини таъминлаш учун жорий этилган "антифрод" тизимининг SMS-хабарномалар билан боғлиқ харажатларини қайта кўриб чиқиш ва мобил иловаларга хабарномалар юбориш ёки биометрик идентификация каби муқобил усуллардан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқиш таклиф этилди.
Изоҳ