Ўзбекистоннинг Жазоирдаги биринчи элчиси (қароргоҳи Қоҳирада) Мансурбек Қиличевнинг Жазоир ташқи ишлар, хориждаги ватандошлар ва Африка ишлари вазири Аҳмад Аттафага ишонч ёрлиқлари нусхаларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар бермоқда.
Суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Аҳмад Аттафнинг таъкидлашича, ўзаро савдо ҳажми ҳозирда томонларнинг салоҳиятидан анча паст. Тоғ-кон саноати ва геология, фармацевтика, тўқимачилик каби тармоқларда катта имкониятлар борлигини таъкидлади.
Вазир 50 миллион аҳолига эга Жазоирда Ўзбекистон тўқимачилик компаниялари маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва кейинчалик Африка қитъасига божсиз экспорт қилиш мумкинлигини маълум қилди.
Шунингдек, у мамлакат иқтисодий зоналарида савдо уйлари, омборхоналар ва шоу-румлар ташкил этиш, ишбилармонлар кенгашини шакллантириш ва ҳукуматлараро комиссия фаолиятини йўлга қўйишни таклиф қилди.
Эслатиб ўтамиз, Мансурбек Қиличев 2021 йил октябридан буён Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси лавозимида ишлаб келмоқда.
Изоҳ