"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖда Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигида танқидий йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда энергия самарадорлигини ошириш ва энергия ресурслари йўқотилишини камайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар танқидий таҳлил қилиниб, устувор вазифалар белгилаб олинди.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан ўтказилган текширувлар натижасида ҳудудларда ишчи гуруҳлар тузилди.
106 минг 140 та трансформатор пункти ўрганилиб, шундан 25 минг 668 таси таъмирталаб экани аниқланган. Ҳозирда тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, юклама юқори бўлган тармоқлардаги симларни алмаштириш, зарур ҳудудларда тезкор модернизация ва реконструкция қилиш, ноқонуний уланишларнинг олдини олиш чораларини кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Электр энергияси йўқотишларини камайтириш учун сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда лойиҳаларни жорий этишни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Газ таъминоти масалалари ҳам танқидий кўриб чиқилди. Жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун "Ҳудудгаз Хоразм" филиали раҳбарини лавозимидан озод этиш бўйича топшириқ берилди.
Шу билан бирга, ёз ва куз-қиш мавсумларига тайёргарлик кўриш, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш, газ қуйиш шохобчаларини "UGaz" тизимига улашни якунлаш, газ таъминоти тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда аҳолига узлуксиз ва сифатли хизмат кўрсатиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Йиғилиш якунларига кўра, йўқотишлар даражаси 20 фоиздан юқори бўлган туман (шаҳар) электр тармоқлари корхоналари раҳбарлари лавозимидан озод этилди:
• 14 нафари Андижон филиалида;
• 7 нафари Жиззах филиалида;
• 10 таси Самарқандда;
• 4 таси Қашқадарёда;
• Сирдарё, Тошкент ва Фарғона филиалларида 2 тадан.
Изоҳ