Австрия ҳукумати келгуси ойда Ўзбекистон билан мамлакатдан мигрантларни депортация қилиш, жумладан, Афғонистон фуқароларини ўз ватанига қайтариш учун транзит пункти сифатида фойдаланиш имконини берувчи келишув имзолашини маълум қилди.
Ҳукумат баёнотига кўра, Австрия ички ишлар ва ташқи ишлар вазирлари 7 май куни Ўзбекистонга ташрифи доирасида келишувни имзолашни режалаштирмоқда.
"Бу депортация қилиниши керак бўлган шахсларнинг келиб чиқиш мамлакатларига, айниқса Афғонистонга транзити учун муҳим келишувдир," - деди Австрия Ички ишлар вазирлиги вакили Маркус Хайндл.
Таъкидланишича, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар депортация жараёнини бошқариш учун иттифоқдан ташқаридаги давлатлар билан ҳамкорлик қилиш имкониятларини ўрганмоқда, жумладан, миграцияни жиловлаш бўйича кенгроқ саъй-ҳаракатлар доирасида бошпана бериш рад этилган шахслар учун "қайтиш марказлари"ни ташкил этиш. Бир гуруҳ давлатлар, жумладан, Дания, Австрия, Греция, Германия ва Нидерландия март ойида бундай чораларни режалаштириш ва мувофиқлаштиришни давом эттириш ниятини эълон қилди.
Шунингдек, Австрия ўтган йилдан бери бир нечта Афғонистон фуқароларини депортация қилгани, 2021 йилда Толибон ҳокимиятга қайтганидан кейин ёндашувни ўзгартиргани хабар қилинган. Вена, шунингдек, 2024 йилда Башар Асад режими қулаганидан кейин Сурия фуқароларини ватанига депортация қилишни бошлаган.
"Ҳозирда Европа Иттифоқи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг огоҳлантиришларига қарамай, иттифоқда қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларни депортация қилиш кўламини ошириш, жумладан, Афғонистонга жўнатиш режаларини ишлаб чиқмоқда," - дейилади ҳукумат баёнотида.
Изоҳ