Адлия вазирлиги 2026 йил 29 апрелдаги Кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини рўйхатдан ўтказди.
Қоидаларга кўра, кўп квартирали уйларда ёнғин хавфи, санитария ҳолати ва умумий тартибни таъминлаш мақсадида бир қатор чекловлар белгиланди.
Жумладан, балконлар ва лоджияларга ёнғин хавфини келтириб чиқарувчи ускуналарни ўрнатиш ҳамда оғир буюмларни сақлаш тақиқланади. Шунингдек, балкон ва лоджияларнинг ташқи қисмида кир, кийим-кечак, гилам ва бошқа буюмларни осиб қўйишга йўл қўйилмайди (ички қисми бундан мустасно).
Қоидаларга кўра, уй ҳайвонларини зинапоялар, чердаклар, ертўлалар, умумий ошхоналар, шунингдек балкон ва лоджияларда сақлаш ҳам тақиқланади.
Бундан ташқари, кириш йўлакларидаги зинапоя майдонлари ва зинапоялар остида ёнувчи материалларни сақлаш мумкин эмас. Умумий иссиқлик тизимига таъсир кўрсатувчи қайта режалаштириш ишларини амалга ошириш, қўшимча иситиш ускуналарини ўрнатиш ва умумий мулкка ўзгартириш киритиш ҳам чекланган.
Шу билан бирга, автотранспорт воситаларини кўп қаватли уйлар ҳудудидаги газонлар, хиёбонлар, болалар майдончалари, тротуарлар ва кириш йўлаклари қаршисига қўйиш тақиқланади.
Мазкур чекловлар аҳоли хавфсизлиги, қулай яшаш муҳити ва умумий мулкни асрашга қаратилган.
Изоҳ