Тошкент шаҳрида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ҳудудида кенг кўламли таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Бу бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 3 миллиард 435 миллион сўм ажратилиши режалаштирилган.
Қарорга асосан, объект бўйича буюртмачи этиб Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси белгиланди. Ушбу компания лойиҳа ва қурилиш ишларини амалга ошириш учун бош лойиҳачи ҳамда пудрат ташкилотларини белгиланган тартибда аниқлайди.
Шунингдек, қурилиш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сон қарори асосида, барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳолда олиб борилади.
Ажратиладиган маблағларни “Тошкент Инвест компанияси” АЖ Кузатув кенгаши орқали йўналтириш таклифи киритилади. Маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва лойиҳа ижроси устидан тегишли мутасаддилар томонидан назорат ўрнатилади.
Бундан ташқари, ажратилган маблағлар ижроси юзасидан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига ҳисобот тақдим этилиши белгиланган.
Қарор ижроси Тошкент шаҳар ҳокимининг қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари зиммасига юклатилди.
Изоҳ