ДХХ ҳамда ИИО ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 1992 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, ҳозирда пойтахтдаги нодавлат олий таълим муассасасининг 2-босқич талабаси Янгиҳаёт туманидаги хонадонлардан бирини ижарага олиб, моддий манфаатдорлик эвазига 2014–2021 йиллар оралиғида туғилган 9 нафар вояга етмаган болага диний сабоқ бериб келгани аниқланди.
Текширув жараёнида ушбу манзилдан 49 дона турли диний мазмундаги китоб, 24 дона диний дарсларга оид дафтар ҳамда 1 дона ноутбук ашёвий далил сифатида олинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, болаларга мажбурий тарзда сабоқ берилган. Айрим ҳолатларда эса уларга турли даражада тан жароҳатлари етказилгани аниқланган.
Шунингдек, болалардан 6 нафари 2 ойдан 8 ойгача умумтаълим мактабидаги дарсларга қатнашмаган. Улар мажбуран уйда сақлангани ва ҳатто кўчага чиқишига ҳам рухсат берилмагани маълум бўлди.
Ҳозирда ушбу манзилдан олинган диний адабиётлар ва компьютер техникаси юзасидан тегишли экспертизалар тайинланган. Қонунбузар фуқарога нисбатан ЖКнинг 229-2-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Шу билан бирга, болаларнинг ота-оналарига нисбатан МЖтКнинг 47-моддаси асосида маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Янгиҳаёт туманида кузатилган яна бир ҳолатда эса, мазкур талабанинг нодавлат олий таълим муассасасидаги ўқитувчиси ҳам ижара хонадонда болаларга ноқонуний тарзда диний сабоқ бераётгани аниқланди.
Хусусан, 1987 йилда туғилган ушбу шахс ва унинг турмуш ўртоғи томонидан 2009–2018 йиллар оралиғида туғилган 5 нафар болага сабоқ берилган. Улар орасида Тожикистон фуқаросининг фарзанди ҳам борлиги қайд этилмоқда.
Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан ҳам тегишли экспертиза тайинланиб, терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ