Жорий йилнинг 1 апрель куни, жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор туман судида ЖКнинг 154-моддаси 1-қисми ва 154-1-моддаси 1-қисми билан айбланиб судланаётган О.А.га оид иш кўриб чиқилди.
Аниқланишича, судланувчи О.А. 2021 йил сентябрь ойида Россиянинг Москва вилояти Нарафаминский туманига бориб, у ерда мавсумий ишларда ишлаб, яшаши давомида, Россия хуқуқ тартибот идоралари томонидан ўғирликда айбланиб, 2022 йил 23 сентябрь куни Россия суди томонидан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилингандан сўнг, шахсий ва моддий манфаатдорлик эвазига, Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш бўйича жиноий режа тузган.
Шундан сўнг, О.А. Россиянинг Барнау шаҳридаги ЖИЭМда жазо муддатини ўтаётган вақтида, Россия ҚК томонидан, ушбу ЖИЭМда сақланаётган маҳбуслар орасида Россия қуролли кучлари сафига ёллаш бўйича ўтказилган тарғибот тадбирлари натижасида, шахсий ва моддий манфаатдорликни кўзлаб, Россия Мудофаа вазирлиги билан 2025 йил 21 сентябрь кунидан 1 йил муддатга ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун шартнома имзолаган. Шундан сўнг Россия Мудофаа вазирлиги таркибида 2025 йил 24 сентябрь "Рядовой" ҳарбий унвонида РФ Новосибирь вилоятида жойлашган ҳарбий бўлимга борган.
У ердан 2025 йил 1 октябрь куни Ростов вилоятидаги ҳарбий лагерга бориб, ушбу ҳарбий лагерда бошқа ёлланган ҳарбий хизматчилар билан биргаликда 2025 йил 8 октябрь кунига қадар махсус ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, Россия ва Украина давлатлари ўртасидаги урушда Россия томонидан ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишга ёлланган.
О.А. 2025 йил 8 октябрь куни ҳарбий тайёргарлик вақтида жанговар қуролдан ўнг елкасидан яраланган ҳамда ҳарбий шифохонага юборилган ва у ерда 2025 йил 28 октябрь кунига қадар даволаниб, 2025 йил 3 ноябрь куни Ўзбекистонга қайтиб келган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи О.А. ЖКнинг 154-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилди ва унга 4 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.
Изоҳ