Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси - Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан 4 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ҳарбий бўлинмаларининг тантанали пиёда юриши бўлиб ўтади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Намойиш Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетидан (мўлжал - "Пушкин" метро бекати) соат 08:00 да бошланади ва 12:30 гача давом этади.
Ҳарбий бўлинмалар Паркент ва Мустақиллик кўчалари бўйлаб Амир Темур жанговар байроғини кўтариб ўтади. Иштирокчилар замонавий жанговар ва кундалик ҳарбий кийимда, шунингдек, тарихий либосларда ва Амир Темур даврига оид қурол-яроғлар билан иштирок этади.
Амир Темур хиёбонида театрлаштирилган саҳна кўринишлари, фахрий қоровул ва қўл жанги усталарининг кўргазмали чиқишлари, бўлинмаларнинг жанговар чақириқлари янграйди, шунингдек, ҳарбий оркестр дефилеси бўлиб ўтади.
Шундан сўнг бўлинмалар Мустақиллик ва Темирйўл кўчалари бўйлаб белгиланган манзилга қайтади.
Шу муносабат билан 4 апрель куни соат 08:00 дан 12:30 гача юқоридаги кўчаларда автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланади.
Мудофаа вазирлиги келтирилган ноқулайликлар учун ҳайдовчилардан узр сўраб, барчани бўлажак тадбирларда фаол иштирок этишга таклиф қилди.
Изоҳ