Президент Шавкат Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикасини ишга тушириш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда президент Матбуот хизмати хабар қилди.
“Ёшлик-1” конини ўзлаштириш дастури доирасида 196 гектар майдонда амалга оширилаётган қиймати 2 миллиард 700 миллион долларлик ушбу лойиҳа шунчаки корхона эмас, балки мамлакат саноат қудратини янада мустаҳкамлайдиган, табиий бойликларни чуқур қайта ишлашга хизмат қиладиган замонавий индустриал мажмуа ҳисобланади.
Фабрика йилига 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаб, 900 минг тоннага яқин мис концентрати ишлаб чиқариш қуввати билан нафақат Марказий Осиёдаги энг йирик мис ишлаб чиқарувчи мажмуалардан бири, балки дунёдаги йирик бойитиш фабрикалари сирасига киради.
Лойиҳани жаҳон стандартлари даражасида амалга ошириш мақсадида Италиянинг “Wood”, Буюк Британиянинг “Worley Parsons” каби компаниялари жалб этилди. Фабрикада жаҳоннинг етакчи компаниялари – “Metso”, “FLSmidth”, “Weir Minerals” ва “Siemens” технологиялари жорий этилган.
Мазкур лойиҳа ҳудуддаги турдош саноат тармоқлари ривожига ҳам кучли туртки берди. Қурилишда ишлатилган металл конструкциялар ҳажмига тенг материалдан 10 та Эйфель минораси, темир-бетон сарфига эса қарийб 2,5 та Бурж Xалифа минорасини барпо этиш мумкин. Бу фабриканинг мегафонига эканини яна бир бор тасдиқлайди.
“Кимки мис саноатида юқори қиймат занжирини яратса, келажак саноатини барпо этган бўлади. Қайси давлат бу хомашёни чуқур қайта ишлаш учун кучли инфратузилма яратса, у минглаб оилаларга даромад, ҳудудларга тараққиёт, мамлакатга қудрат олиб келади. Шу боис, биз ислоҳотларимизнинг илк кунларидан геология-қидирув ишларига алоҳида эътибор қаратиб, мавжуд захиралар ва уларни ишга солиш бўйича имкониятларимизни белгилаб олдик”, – деди давлат раҳбари.
Биргина “Ёшлик-1” конидан жорий йилнинг ўзида 20 миллион тонна руда қазиб олинади. Бу рақам келгуси икки йилда 60 миллион тоннага етади.
Умуман, “Ёшлик-1” ва “Қалмоққир” конларида 45 миллион тонна мис, 5 минг тоннадан зиёд олтин захирасининг борлиги, ушбу захира саноатга камида 100 йилга етадиган кафолатли хомашё базаси бўлиши таъкидланди. Конлардаги молибден, селен, теллур, рений каби ноёб металлар янги инновацион йўналишлардаги лойиҳалар учун мустаҳкам замин яратади.
3-мис бойитиш фабрикаси тўлиқ ишга тушганидан кейин Олмалиқ комбинатида мис концентратининг кунлик ҳажми ҳозирги 2 минг 400 тоннадан 5 минг тоннага ошади. Шу билан бирга, лойиҳа доирасида 6 мингдан зиёд ёшлар юқори даромадли иш жойига эга бўлади.
Фабрикада АҚШ, Германия, Россия, Хитой ва Финляндиянинг тоғ-кон саноатидаги энг илғор технологиялари жорий қилинмоқда. Барча технологик жараёнлар рақамлаштирилиб, сунъий интеллект асосида ягона бошқарув тизимига уланади. Буларнинг ҳисобига энергия сарфи 10 фоизга, таннарх 15 фоизга камаяди, меҳнат унумдорлиги эса 10 фоизга ошади.
Изоҳ