Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ Матбуот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг 6 март куни Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган 19 ёшли йигит йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, йўл-патруль хизмати ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан Onix автомашинада ўз ҳаракатини давом эттирган.
Ижтимоий тармоқларда ҳайдовчи транспорт ҳаракатига тўсқинлик қилаётгани акс этган видео тарқалди. Унга ЙПХ инспектори ва бошқа ҳайдовчилар мурожаат қилиб, машинадан тушиб, йўлни бўшатишни талаб қилишган, бироқ у бу илтимосларга ҳам эътибор бермаган. Оқибатда фуқаронинг автомобиль ойнаси синдирилган.
Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳодиса 6 март куни соат 7:40 атрофида Тойлоқ тумани ҳудудидан ўтувчи А-377 автомобиль йўлида содир бўлган. 19 ёшли фуқаро Onix автомобилида светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган. ЙПХ ходими тўхташ ишорасини бергач, ҳайдовчи ҳаракатни давом эттирган, шу сабабли транспорт воситасини тўхтатиш чоралари кўрилган.
Автомобиль тўхтатилганига қарамай, ҳайдовчи автомобиль эшигини очишдан бош тортган ва ундан тушмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан МЖтКнинг 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик), 135-моддаси 2-қисми (транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан бошқариш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
"Ҳайдовчилик гувоҳномам бўлмагани учун тўхтамадим. Кейинги светофорда турган ЙПХ ходими тирбандлик ҳосил қилиб, мени йўлда тўхтатди, шундан сўнг фуқаролар машинам олдида тўплана бошлади. Барча ҳайдовчилардан ҳайдовчилик гувоҳномаси ва ҳужжатларисиз машина рулига ўтирмасликни сўрайман. Ҳурматсизлик қилганим учун ходимлардан узр сўрайман," - деди ҳайдовчи.
Изоҳ