Аввал хабар берганимиздек, Тошкентда ижтимоий тармоқларда "тирик китоб" сифатида танилган китоб сотувчиси Хайрулла Асадов жавобгарликка тортилган эди.
У китоб сотилгани учун касса аппаратига 20 минг сўм кирим қилмаган ва харидорга чек ҳам бермаган. Суд унга 2 миллион сўм жарима ва 1 миллион 520 минг сўмга баҳоланган 100 та китобни мусодара қилди.
Ёшлар ишлари агентлиги ҳолат юзасидан изоҳ берди.
"Ёшларимизнинг китобга бўлган қизиқиши ва кўчаларда маърифат улашаётган инсонларнинг ҳаракати доимо эътироф ҳамда қўллаб-қувватлашга муносибдир. Давлат раҳбарининг тегишли қарорида китоб савдоси учун қулай шарт-шароитлар яратиш, бутун мамлакат бўйлаб китоб кўчалари ва китоб боғларини ташкил этиш ҳамда уларни тизимли қўллаб-қувватлаш устувор вазифа сифатида белгиланган," - дея таъкидлади агентлик.
Шу муносабат билан китобсевар Хайрулла Асадовни қўллаб-қувватлаш мақсадида у учун замонавий букинистик китоб дўконини ташкил этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, янги савдо нуқтаси барқарор фаолиятини йўлга қўйиши учун унга 2000 дан ортиқ китоблар топширилади.
Изоҳ