Бухоро вилоятида яшовчи 2004 йилда туғилган шахс Instagram ижтимоий тармоғида бемор болалар номидан жойлаштирилган эҳсон видеоларини юклаб олиб, уларни қайта ишлаб, монтаж қилган.
У асл видеодаги банк карта рақамларини ўзгартириб, бошқа карта маълумотларини жойлаштирган ҳамда фуқаролар юборган пулларни ўзлаштириб келган.
Дастлабки суриштирувларга кўра, ушбу шахс 2022 йил октябрь ойидан фош этилгунга қадар онасига тегишли банк картасига 2000 га яқин транзаксия орқали жами 161 миллион сўм маблағ туширган ва уни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
“Instagram саҳифасида ўтирган вақтим эҳсон видеолари чиқиб келди. Кейин шу тайёр видеони олиб, уни монтаж қилиб ва ўзимнинг онамнинг карталарини қўйиб қўйганман. Кейинчалик тушгандан кейин пулни олиб, ўзимнинг ўша эҳтиёжларим учун ишлатганман. Қилган ишимдан жуда ҳам афсусдаман”, - дейди қўлга олинган шахс.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, учинчи қисми, “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ