Сенат Қўмитасининг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича раиси Анвар Тўйчиев Тошкент шаҳри ҳокимига сенаторлик сўрови юборди.
Сўровда қуйидаги масалалар юзасидан изоҳ бериш сўралган:
— Тошкент шаҳрида қаровсиз ҳайвонларни сақлаш ва парвариш қилиш учун мўлжалланган паноҳгоҳлар ташкил этиш билан боғлиқ муаммолар;
— мавжуд паноҳгоҳлар сони ва уларнинг сиғими;
— ушбу соҳага ажратилаётган маблағлар;
— масала бўйича масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорлик;
— нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фаоллар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар.
Сенатда таъкидланишича, пойтахтда қаровсиз ҳайвонларни сақлаш ва парвариш қилиш учун етарли инфратузилма мавжуд эмас. Хусусан, мавжуд паноҳгоҳлар сони ва уларнинг сиғими мавжуд эҳтиёжни тўлиқ қопламаяпти.
Айрим ҳолатларда шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари томонидан қаровсиз ҳайвонларни ушлаш, сақлаш ва йўқ қилиш жараёнларини ташкил этишда камчиликлар кузатилмоқда.
«Шунингдек, айрим фуқаролар томонидан ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат ҳолатлари қайд этилгани жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Халқ-демократик партияси фракцияси аъзоси ҳам Тошкент шаҳри ҳокимига депутатлик сўрови юбориб, унда йўл тўсиқларини ўрнатишга бюджет маблағларини сарфлаш мақсадга мувофиқлиги масаласини кўтарган эди.
Изоҳ