Буюк Британиянинг Озарбайжон ва Марказий Осиё бўйича савдо вакили, профессор Жон Олдердайс Ўзбекистонга кўп кунлик ташрифини якунлади. Ташриф иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инфратузилма, стратегик аҳамиятга эга минераллар, капитал бозорлари ва таълим соҳаларидаги имкониятларни кенгайтиришга қаратилгани маълум қилинди.
17 февраль куни Шавкат Мирзиёев лорд Олдердайсни қабул қилди. Учрашувда сиёсий мулоқотнинг жадал ривожланаётгани, хавфсизлик соҳасидаги самарали ҳамкорлик ва иқтисодий алоқалар мустаҳкамланаётгани таъкидланди. Сўнгги беш йилда икки томонлама савдо ҳажми икки баробар ошгани, шунингдек Ўзбекистоннинг суверен ва корпоратив облигациялари Лондон фонд биржасида 15 млрд доллардан ортиқ миқдорда жойлаштирилгани қайд этилди.
Томонлар энергетика, молия, геология, транспорт, кимё, фармацевтика, илм-фан ва таълим соҳаларида янги лойиҳаларни илгари суриш бўйича қўшма «йўл харитаси» қабул қилишга келишиб олди.
Ташриф доирасида лорд Олдердайс иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Кучкаров, бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳамда инвестициялар ва ташқи савдо вазири Лазиз Қудратов билан учрашувлар ўтказди. Суҳбатларда инвестиция муҳити, ислоҳотлар жараёни, савдо ва инвестиция алоқаларини чуқурлаштириш, темир йўл ва автомобиль йўллари лойиҳалари, аэропортларни модернизация қилиш, қайта тикланувчи энергетикани кенгайтириш, давлат-хусусий шериклик (ДХШ) механизмларини кенг қўллаш ҳамда халқаро капитал бозорларига чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, у Uzbekistan Airways раиси Шуҳрат Худойқулов ва Uzbekistan Airports раиси Жавлонбек Умархўжаев билан музокаралар ўтказди. Учрашувларда авиапаркни кенгайтириш, юқори операцион стандартларга эришиш ва узоқ муддатли ривожланиш режалари, жумладан IPO ўтказиш ва эҳтимолий равишда Лондон фонд биржасида листинг қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Коничилик соҳасида делегация Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати ва UzTMK билан мулоқот қилди. Суҳбатлар стратегик аҳамиятга эга минералларни қазиб олиш, ресурслардан масъулиятли фойдаланиш ва британлик шериклар билан тижорий ҳамкорлик йўналишларига бағишланди.
Тошкентда лорд Олдердайс шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов билан учрашиб, шаҳар даражасидаги инвестициялар ва инфратузилма лойиҳаларида британ компаниялари иштирокини муҳокама қилди. Шунингдек, у қурилиш вазирининг ўринбосари ва «Янги Тошкент» лойиҳаси директори Даврон Адилов билан учрашиб, бош режалаштириш, барқарор шаҳарсозлик ва ДХШ тузилмаларини шакллантириш масалаларини кўриб чиқди.
Ташриф доирасида делегация Янги Ўзбекистан университетида ҳам бўлиб, Oxford университети билан ҳамкорликда ташкил этилган Oxford Hub платформаси ишга туширилишида иштирок этди. Платформа халқаро экспертлар, илғор тадқиқотлар ва Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасидаги касбий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Шунингдек, лорд Жон Олдердайс Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раҳбари Гаянэ Умерова билан учрашиб, Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасида музейлар ҳамда креатив индустриялар соҳасидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди.
У, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази ва Қатағон қурбонлари хотираси музейига ташриф буюриб, маданий меросни асраш ва жамоатчилик учун маданиятдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасидаги умумий интилишлар таъкидланди.
Самарқанд шаҳрида делегация асосий диққатга сазовор жойлар билан танишди. Унда маданий мероснинг одамлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва Буюк Британия ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги сайёҳлик ришталарини ривожлантиришдаги ўрни алоҳида қайд этилди.
Изоҳ