Самарқанд вилояти ИИБ, вилоят ДХХ ва вилоят прокуратураси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида буюртма қотиллик жинояти олди олинди.
Олинган маълумотларга кўра, 23 ёшли фуқаро Тошкент шаҳрида яшовчи шахс билан жанжаллашиб қолиб, уни ўлдиришни мақсад қилган ва ёлланма қотилни қидириш билан шуғулланган.
Тезкор тадбирлар натижасида сохта ёлланма қотил жалб қилинган. Айнан унга гумонланувчи 2200 доллар миқдорида мукофот ваъда қилиб, қотилликка буюртма берган.
Жорий йилнинг 27 январь куни ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчи сохта қотилдан мурда қиёфасида грим қилинган эркакнинг фотосуратларини олган ва унга 2 минг АҚШ долларини берган вақтида у ашёвий далиллар билан ушланган.
Аниқланишича, қўлга олинган шахс ўзи ишлаб келаётган МЧЖнинг 1996 йилда туғилган раҳбари Тошкент шаҳрида яшовчи қариндоши билан олдиндан мавжуд бўлган низолари ҳамда катта миқдордаги қарзи сабабли қотил ёллашга буюртма бергани аниқланиб, мазкур шахс ҳам қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 25-моддаси (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) орқали 97-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Таъкидлаш жоизки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этган шахс умрбод озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазога тортилади.
Изоҳ