• 12 128 сўм
    29.9
  • 14 419 сўм
    65.79
  • 159 сўм
    -0.12
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 12 128 сўм
    29.9
  • 14 419 сўм
    65.79
  • 159 сўм
    -0.12
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Иқтисодиёт Бугун, 12:23

Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Регулятор қарорни юқори ялпи талаб, шу жумладан фискал рағбатлантириш ва чакана кредитлашнинг фаол ўсиши шароитида инфляция хатарларини жиловлаш зарурати билан изоҳлади.

86
0
Георгий Намазов / UzNews.uz

Бугун, 28 январь куни Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди, деб хабар бермоқда регулятор матбуот хизмати.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2025 йилда иқтисодий фаоллик кутилганидан юқори даражада шаклланди, бунда барқарор ялпи талаб омиллари белгиловчи роль ўйнади. Инфляция пасаювчи динамикани давом эттирмоқда, товарлар нархлари ўсишининг секинлашуви кенг характерга эга.

"Шу билан бирга, талаб омиллари таъсирида хизматлар соҳасида нисбатан юқори инфляциянинг сақланиб қолаётгани, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши умумий инфляциянинг барқарор пасайиши учун муайян хатарларни юзага келтирмоқда. Бундай шароитда пул-кредит сиёсатининг жорий қатъий даражада сақлаб қолиниши инфляциянинг барқарор пасайиш траекториясида шаклланишини таъминлайди.

Келгуси чоракларда инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг барқарор пасайиши давом этган тақдирда, шунингдек, тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда, пул-кредит шароитларининг қатъийлигини сақлаб қолган ҳолда асосий ставкани пасайиш томонга қайта кўриб чиқиш мумкин," - дейилади хабарда.

2025 йилнинг декабрь ойида умумий инфляция прогноз доирасида шаклланиб, йиллик 7,3 фоизгача пасайди. Қатъий пул-кредит шароитлари, алмашув курси ва импорт нархларининг мустаҳкамланиши таъсирида базавий инфляциянинг секинлашиши умумий инфляциянинг пасайишига хизмат қилди. Хусусан, декабрь ойида базавий инфляция йиллик 5,7 фоизгача пасайди.

Хизматлар инфляцияси маълум даражада секинлашганига қарамай, талаб омиллари таъсирида умумий инфляциядан юқори даражада сақланиб қолмоқда. Шу билан бирга, иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар пасайиш тенденциясини тўхтатди ва декабрь ойида бироз ўсишни кўрсатди.

Мазкур омиллар инфляцияни таргет даражасигача барқарор пасайтириш учун қатъий пул-кредит шароитларини узоқроқ муддатга сақлаб қолиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Янгиланган прогнозларга кўра, 2026 йил якуни бўйича инфляция даражаси 6,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Юқори инвестицион фаоллик, фискал харажатлар ва пул ўтказмалари ҳажмининг ўсиши жорий йилда ҳам аҳоли даромадлари ва иқтисодиётдаги истеъмол талаби ўсишини қўллаб-қувватловчи омиллар бўлиб хизмат қилади.

Бундан ташқари, айрим асосий озиқ-овқат маҳсулотлари таклифи билан боғлиқ хатарлар, шунингдек, қиш мавсумида таъминотдаги эҳтимолий узилишлар яқин ойларда озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлари нархларига оширувчи таъсир кўрсатиши мумкин.

Ташқи иқтисодий муҳитда ноаниқлик сақланиб қолаётганига қарамай, умумий таъсир нисбатан мўътадил бўлиши кутилмоқда. Асосий савдо ҳамкор давлатларда инфляция пасаювчи тенденцияга ўтган, жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари кутилганидан юқори даражада шаклланган.

Қимматбаҳо металлар нархининг сезиларли даражада ўсиши келгусида ҳам экспорт тушумлари ва бюджет даромадлари таркибида салмоқли улушни таъминлаши прогноз қилинмоқда.

Ички валюта бозорида хорижий валюта таклифининг экспорт тушумлари, хорижий кредитлар ва пул ўтказмалари ҳисобига қўллаб-қувватланиши 2025 йилда сўмнинг 6,9 фоизга мустаҳкамланишига хизмат қилди. Бу, импорт инфляцияси босимини камайтиришга ва долларлашув даражасини пасайтиришга ёрдам берди ҳамда ташқи қарзга хизмат қилиш харажатларини камайтирди. Келгуси ойларда ҳам ташқи шароитларнинг нисбатан қулай ва реал самарали алмашув курси динамикасини мувозанатли даражада шаклланиши бўйича кутилмалар мавжуд.

Жорий иқтисодий ва инвестицион фаоллик фонида йил якуни бўйича иқтисодий ўсиш суръатлари 6,5-7 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.

Банк тизимида ликвидлик профицитининг сақланиб қолиши фонида ликвидликни жалб қилиш операцияларини жадаллаштирилиши пул бозори ставкалари асосий ставкага яқин 13,5-13,8 фоиз атрофида шаклланишини таъминлади. Натижада, ижобий реал фоиз ставкалар иқтисодиётда миллий валютадаги жамғармаларни рағбатлантириб, пул-кредит шароитларини қатъийлаштирувчи омил бўлиб қолмоқда.

Юқори ялпи талаб омиллари хусусан, фискал рағбатлантиришлар ҳамда юқори чакана кредитлаш суръатлари шароитида асосий ставкани жорий қатъий даражада сақлаб қолиш инфляцион хатарларни жиловлашга хизмат қилади.

Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати инфляцияни ўрта муддатда 5 фоизлик мақсадли даражагача пасайтириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳолининг харид қобилиятини сақлашга қаратилган бўлиб қолади.

86
0

Изоҳ