Жиззах вилоят ИИБ матбуот хизматининг маълум қилишича, ЙПХ инспектори ҳайдовчиларни спиртли ичимлик истеъмол қилганликларига ишонтириб, уларга алкотестернинг тегишли кўрсаткичларини намойиш қилган.
Хусусан, ходим Ғаллаорол туманидаги ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган вақтида Lacetti автомашинасини тўхтатиб, ҳайдовчини мослама ёрдамида текширувдан ўтказган. Ҳайдовчи спиртли ичимлик истеъмол қилмаганини айтган бўлса-да, инспектор уни хизмат хонасига олиб бориб, унга нисбатан тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмаслик эвазига 1 млн сўм талаб қилган.
Ўзининг ҳақлигини исботлай олмаган ҳайдовчи 500 минг сўмни ходим томонидан тақдим этилган банк пластик картасига ўтказиб берган.
Шунингдек, инспектор илгари ҳам шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги маълум бўлди. У ҳайдовчиларга гўёки алкотестер сўнгги 72 соат ичида спиртли ичимлик истеъмол қилиш ҳолатини аниқлай олишини айтган. Бир ҳолатда ҳайдовчи текширув ўтказмасликни сўраб, талаб қилинган пулни инспекторнинг пластик картасига ўтказиб берган.
Тезкор тадбирлар давомида банк картаси эгаси Ғаллаорол тумани "Бахт" маҳалласида яшовчи 48 ёшли фуқаро бўлиб, ЙПХ блокпости яқинидаги жарима майдончаси ишчиси ва ушбу инспекторга алоқадорлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, ходимнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун иш ҳужжатлари прокуратура органларига юборилган.
Изоҳ