Ижтимоий тармоқларда Тошкент давлат тиббиёт университети ёнида ҳинд ёзувидаги реклама лавҳаси ўрнатилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат Тошкент шаҳар ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди. Маълум бўлишича, пешлавҳа рухсат берувчи ҳужжатларсиз жойлаштирилган, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили тўғрисида"ги ва "Реклама тўғрисида"ги қонунлари талабларига риоя қилинмаган.
Ҳокимлик амалдаги қонунчиликка кўра, реклама маълумотлари давлат тилида тақдим этилиши кераклигини эслатди.
Зарур ҳолларда у бошқа тилларда такрорланиши мумкин, бироқ бунда давлат тилидаги матн устуворлиги сақланиб қолиши, реклама материаллари эса қонунда белгиланган тартибда жойлаштирилиши керак.
Аниқланган қоидабузарликлар асосида ноқонуний ўрнатилган реклама лавҳаси олиб ташланди.
Тадбиркорлар реклама пешлавҳалари, баннерлар ва бошқа ташқи ахборот воситаларини ўрнатишда рухсатнома олиш тартибига, шунингдек, давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилишлари кераклиги ҳақида огоҳлантирилди.
Қоидабузарликлар аниқланган тақдирда реклама материаллари демонтаж қилинади, масъул шахсларга нисбатан эса тегишли чоралар кўрилади.
Изоҳ