"Ўзгидромет" хабарига кўра, жума куни кундузи ва шанбага ўтар кечаси Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик (ёмғир, аста-секин қорга айланади) бўлади. Фарғона водийси вилоятларида ёмғир кечга яқин бошланади.
Эртага кундуз куни республика бўйича беқарор об-ҳаво сақланиб туради, баъзи жойларда асосан қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади, лекин жадаллиги сезиларли даражада пасаяди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида асосан ёғингарчилик кутилмайди.
Якшанба куни республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик тўхтайди. Фақат Навоий, Тошкент, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида кечаси ва эрталаб баъзи жойларда бироз қор ёғади.
Ҳаво ҳарорати жума куни кундузи +5...+8 даража, шанба ва якшанба кунлари 0...+5 даража атрофида бўлади. Кечаси ҳарорат -3...+2 даражагача пасаяди.
Баъзи жойларда туман тушиши мумкин, шамол 7-12 м/с тезликда эсади, 16 январда баъзи жойларда 13-18 м/с гача кучайиши мумкин.
Тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан қор ёғади, 16 январда баъзи жойларда кучли бўлади, қор кўчиши хавфи бор.
Тошкентда жума куни вақти-вақти билан ёмғир ёғади, кечга томон қорга айланиши мумкин. Ҳарорат +6...+8 даража бўлади. Шанба куни кечаси ва эрталаб ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, туман тушиши мумкин.
Кундузи вақти-вақти билан бироз қор ёғиши мумкин. Ҳарорат кечаси ва кундузи +1...+3 даража бўлади. Якшанба куни кечаси ва эрталаб бироз қор ёғади, туман тушиши мумкин, кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси -1...+1, кундузи +3...+5 даража бўлади.
Изоҳ