Бош прокуратура маълумотларига кўра, Тошкент шаҳар суди раисининг собиқ ўринбосари Муроджон Мирзажоновга нисбатан ЖКнинг 231-моддаси 2-қисми (адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш) ва 236-моддаси 2-қисми (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, Жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг собиқ судьялари Одилбек Илҳомжонов, Мирзиёд Обидов ва Муҳтарама Турғуновага нисбатан ЖКнинг 231-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Иш ҳужжатларига кўра, А.Шукуров Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг ҳукмига кўра, фирибгарлик, безорилик йўли билан ўзганинг мулкини жуда кўп миқдорда эгаллаш, шунингдек қасддан баданга оғир шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айбдор деб топилган. Унга 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Мазкур ҳукмдан норози бўлган маҳкум А.Шукуров апелляция шикояти билан мурожаат қилиб, шикоят апелляция инстанцияси судьялари О.Илҳомжонов, М.Абидов ва М.Турғуновалар томонидан кўриб чиқилди. Кўриб чиқиш натижаларига кўра, биринчи инстанция судининг ҳукмини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда ўзгартириш ва жазони 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари М.Мирзажонов ўз мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, ишнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўрилишига тўсқинлик қилган, суд фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашган ва судьяларга қонунга хилоф равишда таъсир кўрсатган.
"Натижада судьялар О.Илҳомжонов, М.Абидов ва М.Турғунова унинг кўрсатмалари ноқонунийлигини олдиндан билиб, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига риоя қилмаган. Улар биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгартириб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини бекор қилиб, жазо муддатини узил-кесил 3 йил 3 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси билан алмаштириб, А.Шукуровни суд залида қамоқдан озод қилиб, ноқонуний ва адолатсиз қарор чиқарган," дейилади хабарда.
Шу муносабат билан жиноят иши доирасида шаҳар суди раисининг собиқ ўринбосари М.Мирзажонов, шунингдек, жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг собиқ судьялари О.Илҳомжонов, М.Абидов ва М.Турғуновалар айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, ўтган йилнинг октябрь ойида биринчи инстанция суди А.Шукуровни ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик), 277-моддаси (безорилик) ва 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилган эди. Декабрь ойида апелляция суди айбланувчига нисбатан инсонпарварлик кўрсатди. Суд айбни қисман тан олиш, "тавба қилиш," судланмаганлик ва эпизодлардан бири бўйича зарарни қоплашни ҳисобга олди. Натижада ҳақиқий муддат озодликни чеклаш билан алмаштирилди.
Изоҳ