Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ўтган йиллар давомида мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилгани таъкидланди.
Миллий армия замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-руҳий тайёргарлик даражаси изчил ошириб борилмоқда, мудофаа саноати салоҳияти мустаҳкамланмоқда.
Мудофаа вазирлиги қўшинларида янги тактик усуллар жорий этилиб, машғулотлар сони ва шиддати 1,5 баробарга оширилди, учувчисиз учиш аппаратлари бўлинмалари ва мутахассислар тайёрлаш марказлари ташкил этилди.
Армияни рақамлаштириш бўйича бошланган ишлар натижасида ахборот хавфсизлиги, бошқарув ва кўрсатилаётган хизматлар самарадорлиги сезиларли даражада ошди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳарбий таълим тизими тубдан янгиланди, малакали профессор-ўқитувчи ва инструкторлардан иборат Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилди.
Таълим жараёнига ўқитишнинг илғор рақамли технологиялари, шу жумладан сунъий интеллектга асосланган технологиялар, шунингдек, замонавий баҳолаш тизимлари жорий этилди, бу эса ҳарбий кадрларни тайёрлаш сифатини янги босқичга олиб чиқди.
Мажлисда мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш, мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Турли минтақавий можаролар кенгайиб бораётгани, қуролланиш пойгаси авж олаётгани, умуминсоний қадриятлар, халқаро ҳуқуқ нормалари ва халқаро дипломатияга ҳурмат сусайиб бораётгани қайд этилди.
"Бир нарсани тушуниб олиш зарур. Замонавий уруш табиати тубдан ўзгарди. Энди қайси давлат фақат танк, самолёт ёки аскарлар сонига таяниб ғалаба қозонаман деса, қаттиқ адашади. Ҳозирги жанглар сунъий интеллект, рақамли бошқарув, узоқ масофага юқори аниқликда зарба берувчи воситалар, кибер ва робот технологиялар, сиёсий-иқтисодий босим асосида олиб борилмоқда," - деди давлат раҳбари.
Шу муносабат билан тинчлик ва хотиржамлик энг қиммат бойликка айланаётганини бир дақиқа ҳам унутмаслик лозимлиги таъкидланди. Бу бойликни асраб-авайлаш учун эса ҳар бир соҳа ва тармоқ хавф-хатарларга олдиндан жавоб қайтариш бўйича "проактив иш режими"га ўтиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Замонавий хавф ва таҳдидларнинг мазмуни ҳам, кўлами ҳам кундан-кунга ўзгариб бораётгани, мудофаа ва хавфсизлик соҳаси олдига катта вазифалар қўйилаётганини инобатга олиб, давлатимиз раҳбари саккиз йил олдин қабул қилинган Мудофаа доктринаси ҳамда 1997 йилда қабул қилинган Миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш вақти келганини кўрсатиб ўтди.
Янги Мудофаа доктринаси мамлакатимизни ҳеч қайси ҳарбий блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолишини, кўп томонлама дипломатияга таянишда давом этишини, юқори технологияларга асосланган стратегия, ҳарбий мустақиллик ва минтақавий барқарорлик йўналишида ривожланишини таъминлаши керак.
"Умуман, янги доктрина армияни технологик янгилаш ва илғор ҳарбий ечимларни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши керак," - деди президент.
Изоҳ