Кеча Бухородаги ўқув марказларининг бирида 20 нафар абитуриентлар заҳарланиб шифохонага ётқизилгани айтилган хабар ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Бухоро вилояти ССБ матбуот ҳизмати муносабат билдирди.
Унга кўра, кеча 11 январ куни Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги ўқув марказида таҳсил олаётган абитуриентлардан 20 нафари саломатлиги ёмонлашгани юзасидан Тез тиббий ёрдам хизматига хабар келиб тушган.
Беморлар зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган.
"Вилоят ҳокимининг тезкор топшириғига кўра, ССБ бошлиғи Элёр Олтиев иштирокида ишчи гуруҳ тузилиб, ҳодиса жойига етиб борилди. Барча беморлар ССВнинг тегишли стандартлари асосида лаборатор ва инструментал текширувлардан ўтказилди.
Кўрилган тиббий чора-тадбирлар натижасида барча 20 нафар беморнинг аҳволи яхшиланди ва улар амбулатор даволаниш учун уйига жавоб берилди. Ҳар бир беморга ҳудудий оилавий шифокор ва патронаж ҳамшираси бириктирилди. Айни пайтда барчасининг аҳволи қониқарли, шикоятлари мавжуд эмас," - дейилади хабарда.
Бошқарманинг қўшимча қилишича беморлардан тегишли қон намуналари олинган ва белгиланган тартибда экспертизага юборилган. Экспертиза натижалари юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилиши маълум қилинди.
Изоҳ