Сурхондарё вилояти Денов туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқароларга турли йўллар билан таҳдид қилиб уларга тегишли моддий бойликларга зўрлик ишлатиб тортиб олиш билан шуғулланиб келаётган жиноий гуруҳ ушланди. Бу ҳақда ИИВ Матбуот хизмати хабар берди.
Жиноий гуруҳ етакчиси бўлган 1990 йилда туғилган фуқаро илгари ҳам ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми билан судланган. 2001-2002 ва 1986 йилда туғилган 3 нафар шахсларни иш бажарувчилар сифатида ёнлаб, ўзининг қабиҳ ниятини амалга ошириб келган. Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида ушбу гуруҳнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан 10 дан ортиқ фуқаролар жабрланганлиги аниқланди.
Уюшган жиноий гуруҳ ер масаласи бўйича даҳли бўлмаган низога аралашиб, 1987 йилда туғилган фуқародан 20 миллион сўм талаб қилиб, оила аъзоларига тазйиқ ўтказиш билан қўрқитиб келган.
Шу каби уларга боғлиқ бўлмаган, бошқаларнинг қарз олди-бердисига аралашиб, 2006 йилда туғилган фуқародан 10 млн сўм талаб қилган. Пичоқ билан таҳдид қилиб, ахлоққа зид ҳаракатларга мажбурлаб, видеотасвирга олиб, тарқатиб юбориш билан қўрқитиб келган. Жабрланувчи эса ушбу пулларни ишлаб топиш мақсадида Россияга кетганлиги маълум бўлди. Ёшлардан эса сабабсиз зўравонлик билан пул талаб қилган.
2008 йилда туғилган фуқарони машинасига ўтирғизиб, кимсасиз ерга олиб бориб, бел қисмига ва бўйнига пичоқ тираб нотаниш одамларни жисмоний қийноққа солган видеоларни кўрсатиш ва ўлдириш билан таҳдид қилган ҳолда, бўлиб-бўлиб умумий 39 минг 800 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олганлиги аниқланди.
Улар телефон савдоси, ойлик иш ҳақи, автомашина олди-сотдиси, ишга жойлаш, ишлаган пулни ундириб бериш каби барча масалаларда фуқароларга таҳдид, қўрқитиш, товламачилик ва зўравонлик орқали миллиардлаб пулларни талаб қилиб, уларни жим юришга мажбур қилишган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан ЖКнинг 165-137-138 ва 141-3-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ