2025 йил 1 декабрдан 2026 йил 28 февралгача (90 кун давомида) Корея Республикаси Адлия вазирлиги "Мамлакатда ноқонуний бўлиб турган чет эл фуқаролари учун ихтиёрий равишда чиқиб кетишнинг махсус тартиби"ни жорий этди.
Ушбу даврда ўз ихтиёри билан хабар берган ва мамлакатни тарк этган ноқонуний чет элликларга нисбатан жарима бекор қилинади ва мамлакатга киришни тақиқлаш вақтинча тўхтатилади.
Қайд этилишича, илгари ихтиёрий чиқиш даврида кириш тақиқини бекор қилиш фақат жарималар тўланган тақдирда қўлланилган. Бироқ, ушбу махсус даврда жарима тўланмаган тақдирда ҳам кириш тақиқи вақтинча олиб ташланади.
Чет элликлар кетишдан 3-15 кун олдин ҳудудий иммиграция бошқармасини олдиндан хабардор қилишлари ёки HiKorea сайти орқали онлайн ариза топширишлари керак. Онлайн аризада шахсий маълумотлар, яшаш манзили, тахминий жўнаб кетиш санаси, жўнаб кетиш аэропорти, рейс рақами кўрсатилиши керак.
Чиқиш куни аэропорт ёки денгиз портидаги иммиграция постига судланганлик ва қидирувни қайта текшириш учун келиш керак. Ихтиёрий равишда кетиш учун ариза, паспорт ва авиачипта тақдим этиш керак.
Бунда ушбу дастур қуйидаги шахсларга татбиқ этилмайди:
• мамлакатга ноқонуний кириб келганлар;
• қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган шахслар;
• жиноятчиларни;
• мажбурий чиқариб юборилиши керак бўлганлар, шу жумладан чиқиш тўғрисидаги кўрсатмани бажармаган шахслар;
• 2025 йил 1 декабрдан кейин ноқонуний бўлиб қолган хорижликлар.
Мамлакат Адлия вазирлиги дастур амал қилиш даврида назорат олиб борилиши ҳақида огоҳлантирди. Рейдлар чоғида қўлга олинган хорижликларга нисбатан қатъий чоралар - мажбурий чиқариб юбориш ва мамлакатга киришни тақиқлаш қўлланилади.
Қўшимча маълумотларни Адлия вазирлигининг хорижликлар учун ягона маслаҳат марказининг 1345 рақами орқали олиш мумкин.
Изоҳ