Кеча, 23 ноябрь куни Жиззахда Matiz автомашинаси ва юк машинаси иштирокида ўлим билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлгани айтилган хабар ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан ИИВ ЖХД ЙҲХХ Матбуот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошов UzNews.uz'га маълумот берди.
Аниқланишича, ҳолат жорий йилнинг 23 ноябрь куни соат 08:10 атрофида, Жиззах шахар Амир Темур МФЙ ҳудудида содир бўлган. 1998 йилда туғилган ҳайдовчи Matiz автомашинасини Жиззах-Ғаллаорол йўналиши бўйлаб бошқариб кетаётган вақтда ўзи билан бир йўналишда олдинда ҳаракатланиб кетаётган автомашинани қувиб ўтиш мақсадида қарама-қарши йўналишга чиқиб, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган, 1992 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувида бўлган ЗИЛ-130 юк автомашинаси билан тўқнашиши оқибатида ЙТҲ содир этилган.
Ушбу ЙТҲ оқибатида Matiz ҳайдовчиси ва автомашинада бўлган 2 нафар йўловчилар олган тан жароҳатлари натижасида воқеа жойида ҳалок бўлган.
Ҳозирда, мазкур ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар Ички ишлар бошқармасининг Тергов бўлими томонидан ЖКнинг 266 моддаси учинчи қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ