Наманган вилояти божхона бошқармасининг "Наманган аэропорти" чегара божхона пости ходимлари мобил қурилмаларни республикага яширинча олиб киришга бўлган қатор уринишларни фош қилишди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар бермоқда.
Жумладан, Қувайтдан учиб келган бир гуруҳ йўловчилар аслида ўзларига тегишли бўлмаган, қиймати 160 млн. сўмлик 8 дона iPhone 17 русумли уяли алоқа воситаларини бошқа бир шахснинг илтимосига биноан олиб ўтиб беришга уриниб, тўхтатиб қолинди.
Навбатдаги ҳолатлар эса Жиддадан қайтган йўловчилар билан содир бўлди. Яъни Умра зиёратидан қайтаётган йўловчилар божхона назоратидан ўтказилмайди деган янглиш фикрга борган фуқаролардан бири 5 дона “iPhone 17” мобил қурилмаларини ноқонуний олиб киришга уринганида фош қилинди.
Яна бир ҳолатда эса фуқаро 10 дона “iPhone 17” мобил қурилмаларини "Жидда-Наманган" рейсидаги йўловчиларга тарқатиб, гўёки уларнинг шахсий эҳтиёжи учун деган ниқоб остида божхонадан олиб ўтишни режалаштирган. Аммо, аэропорт автотураргоҳида телефонларни йўловчилардан йиғиб олаётган вақтида фош қилинди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ