Жами 680 та китоб «Шариат ва Толибон сиёсатларига зид» деб баҳоланган бўлиб, улар орасида 140 га яқин аёл муаллифлар асарлари ҳам бор. Масалан, «Кимё лабораториясида хавфсизлик» китоблари ҳам шулар жумласидандир, дея ёзмоқда ББС нашри.
Университетларга шунингдек «Шариат тамойилларига зид» деб топилган 18 фанни ўқитиш тақиқланди. Улардан олтитаси тўғридан-тўғри аёллар ҳақида бўлиб, «Гендер ва ривожланиш», «Аёлларнинг коммуникациядаги роли» ва «Аёллар социологияси» каби фанлар ҳам шу рўйхатдан ўрин олган.
Бу қарор Толибон 4 йил олдин ҳокимиятга қайтганидан бери жорий қилинаётган чекловларнинг навбатдагисидир. Ҳафт а давомида улар олий раҳбар кўрсатмаси билан камида 10 вилоятида оптик толали интернетни ҳам «бузуқчиликнинг олдини олиш» баҳонасида тақиқлади.
Энг кўп жабр кўраётганлар аёллар ва қизлардир: улар 6-синфдан юқори таълим олишдан маҳрум этилган, 2024 йил охирида эса охирги имкониятлардан бири — акушерлик курслари ҳам ёпилган эди. Энди эса университетларда аёллар ҳақидаги фанлар ҳам ман қилинди.
Толибон ҳукумати аёллар ҳуқуқларига «Афғонистон маданияти ва ислом қонуни» бўйича ўз талқинларига мос равишда риоя қилаётганини таъкидламоқда.
Изоҳ