Тошкентда Хитой тиббиёт клиникаси шифокорларига қимматбаҳо дори воситалари билан боғлиқ фирибгарлик иши бўйича ҳукм ўқилди.
Маълум бўлишича, Guangzhou Medical of China клиникасида ишлаган икки шифокор беморларга асли арзон ва сифатсиз дориларни қимматбаҳо препарат сифатида сотиб, уларни соғайишга ишонтирган. Тушган маблағни эса ўзаро бўлиб, шахсий эҳтиёжларига сарфлашган.
Эслатиб ўтамиз, уч йил олдин ушбу клиника ходимларига нисбатан оддий маҳаллий дори воситаларини қимматбаҳо хитой препаратлари сифатида сотганлик айби билан жиноят иши қўзғатилган эди.
Бектемир туман судида кўрилган ишда маълум бўлишича, клиника ходими Хэ Цян 2024 йил декабрда Қозоғистонда, унинг ўғли Хэ Фэн эса шу йил ноябрда қўлга олинган. Улар Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Ота-бола 2020 йил ноябридан клиникада шифокор сифатида ишлаб келган.
Текширувда улар тиббий усулларсиз ташхис қўйиб, беморларга игна терапияси ва махсус препаратлар орқали соғайишларига ишонч уйғотгани аниқланди. Аслида эса сифатсиз дориларни сотиш орқали даромад топишган. Масалан, Хэ Цян бемор Б.Н.га фирибгарлик йўли билан 5,55 млн сўмлик дори ва хизмат сотган. Ушбу усулда ота-бола 100 нафар фуқарони алдаб, жами 381,4 млн сўм зарар етказишган.
Суд уларни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди (Фирибгарлик) ҳамда 186-3-моддаси 2-қисми «б, в» бандлари (Сифатсиз ёки сохта дори воситаларини тайёрлаш, сақлаш ва сотиш) бўйича айбдор деб топди.
Ҳукмга кўра, Хэ Цянга 123 БРВ (33,21 млн сўм), Хэ Фэнга эса 112 БРВ (30,24 млн сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди. Иккаласи ҳам суд залида қамоқдан озод қилинди.
Изоҳ