Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш доирасида "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилмоқда.
Қонун лойиҳаси қуйидагиларни назарда тутади:
- болалар тасвири туширилган порнографик маҳсулотни сақлаганлик учун жавобгарликни белгилаш;
- вояга етмаганларни жинсий зўравонликдан, шу жумладан Интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда ҳимоя қилишга оид нормаларни аниқлаштириш;
- Болаларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш мақсадида Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга тузатишлар киритиш;
- Жиноят-процессуал кодексига вояга етмаган гувоҳлар ва жабрланувчиларни сўроқ қилишнинг давомийлигини, шунингдек уларнинг қонуний вакиллари тергов ҳаракатларида иштирок этиши тартибини белгиловчи қўшимчалар.
Вояга етмаганларни сўроқ қилиш тартиб-қоидаларига алоҳида эътибор қаратилди - эндиликда қонунчиликда сўроқ қилиш давомийлигини бир кун ичида аниқ чеклаш назарда тутилади, бу эса болага психологик юкламани минималлаштириш имконини беради.
Мазкур қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида масъул қўмита томонидан лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлашда салмоқли ишлар амалга оширилгани, жумладан, сиёсий партиялар фракциялари вакиллари, соҳа мутахассислари, олимлар, шунингдек, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил иштирокида йиғилиш ва семинарлар ташкил этилгани таъкидланди.
Аввалроқ, 2024 йил 29 апрелда мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида кўриб чиқилиб, муҳокамалар якунида маромига етказиш учун қайтарилган эди. Хусусан, депутатлар, шу жумладан, "Адолат" социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциялари аъзоларининг таклиф ва эътирозлари инобатга олинди.
Қайта ишлаш жараёнида қонун лойиҳасидан қуйидагилар чиқариб ташланди:
- амалдаги таҳририни сақлаб қолиш зарурати муносабати билан - ЖК 118 ва 119-моддалари 4-қисмларига тузатишлар, шунингдек ЖК 128-моддаси номи ва 1-қисми диспозициясига ўзгартиришлар киритиш;
- "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуннинг 11-моддасига киритилган қўшимчалар - очиқ электрон реэстрнинг ҳуқуқий тартибга солинмаганлиги ва унга киритиш оқибатлари туфайли.
Қолган барча ўзгартиришлар юридик техника талабларига мувофиқлаштирилди, матн эса лойиҳа ташаббускорларининг позициясига мувофиқлаштирилди.
Изоҳ