Пекин шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путиннинг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Матбуот хизмати хабар қилди.
Суҳбат аввалида Россия етакчиси Владимир Путин Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқини Мустақиллик куни билан самимий табриклаб, фаровонлик, барқарор тараққиёт ва равнақ тилади.
Илгарироқ бўлиб ўтган олий даражадаги мулоқотлар чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан Ўзбекистон – Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик суръатини сақлаб қолишга қаратилган мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилиш муҳим экани таъкидланди.
Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида лойиҳаларни тайёрлаш ҳамда амалга оширишни жадаллаштириш, ҳудудлар ўртасида ва ташкил этилган қўшма саноат парклари доирасида кооперация алоқаларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Гуманитар соҳада, энг аввало, маданият, санъат, фан ва таълим йўналишларида самарали ҳамкорлик қилинаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон ва Россия етакчилари халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Изоҳ