Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Матбуот хизмати хабарига кўра, агентлик томонидан истеъмолчилар манфаатларини таъминлаш ва сифат кафолатига эга бўлмаган автомобилларни республикага олиб кирилишини ҳамда жамоат йўлларда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида, 2024 йилнинг 1 ноябридан бошлаб Пискент синов мажмуасида автотранспорт воситалари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган техник регламентга мувофиқ синовлардан ўтказилган.
Таҳлил натижаларига кўра, республикага техник регламентга мувофиқ транспорт тури маъқулланмаган енгил автомобилларнинг импорт қилингани сабабли, уларнинг синовлари бирма-бир ўтказилишига сабаб бўлган.
Ўзбекистонда 2024 йилгача фақатгина 3 та дилерлик марказлари фаолият юритган бўлса, улар атига 15 та автомодель учун турини маъқуллаш ҳужжатини олган эди холос.
Ҳозирги кунда эса, 21 та хорижий компанияларнинг расмий дилерлари ўз фаолиятини бошлади ва 100 дан ортиқ автомобиль русумларига турини маъқуллаш ҳужжатлари расмийлаштирилди.
Бунинг натижасида, истеъмолчиларга сифати ва хавфсизлиги таъминланган, ҳамда кафолатланган автотранспорт воситаларини етказиб бериш тизими такомиллаштирилди. Натижада истеъмолчиларга расмий дилерлардан турли русумдаги автотранспорт воситаларини харид қилиш имконияти яратилди.
Шу муносабат билан, республикамизда расмий дилерлар ва сервис марказлари сони кескин ошганлиги ҳамда истеъмолчиларнинг расмий дилерлар билан ишлаш амалиёти жорий этилганлигини инобатга олиб, 2025 йил 2 сентябрдан автомобилларни Пискент автополигонида синовдан ўтказиш амалиёти тўхтатилади.
Изоҳ