17 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин музокара ўтказди. Бу ҳақда президент Матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Етакчилар "Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон" стратегик темир йўли қурилишини жадаллаштириш муҳимлигини қайд этдилар. Таълим, фан, туризм ва маданият, кадрлар тайёрлаш ва хитой тилини ўрганиш соҳаларидаги алмашинувларни ривожлантиришдан манфаатдорлик билдирилди.
Ўзбекистонда Хитойнинг Шимоли-ғарбий қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги университетининг филиали фаолият кўрсатмоқда, Урганч университети негизида Пекин университети билан ҳамкорликда Халқаро математика маркази ташкил этилган. Ўтган йили Конфуций институти фаолиятининг 20 йиллиги нишонланди, Хитойнинг "Лу Бань устахонаси" профессионал таълим тизими жорий этилмоқда. Келгуси йилда икки мамлакатда маданият ва санъат ҳафталикларини ўтказиш режалаштирилган.
Учрашувда халқаро кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди. БМТ, ШҲТ, "Марказий Осиё - Хитой" формати ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги мувофиқлашув ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Якунда етакчилар ҳузурида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича икки томонлама музокаралар якунлангани тўғрисида баённома имзолангани эълон қилинди.
Изоҳ