Ижтимоий тармоқда Россияда ноқонуний мигрантларга қарши кучли рейд ўтказилгани акс этган видео тарқалди. Видеода ОМОН зобитлари мигрантларни тепкилаб, кўчага олиб чиқаётганини кўриш мумкин.
"БАЗА" нашрининг ёзишича, рейд МДҲ фуқаролари ётоқхонасида ўтказилган. ОМОН ходимлари меҳнат муҳожирларининг ҳужжатларини текшириш учун Строгино шаҳридаги ётоқхонага келишган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, хавфсизлик кучлари эркакларни хоналардан ҳайдаб чиқаришган, иккиланиб қолганлар эса тепиш ва шапалоқ билан тезлаштиришган.
Якунда хавфсизлик кучлари ҳужжатлари билан муаммога дуч келган атиги 5-6 кишини ҳибсга олган. Қўлга олинганлар вазиятга ойдинлик киритиш учун бўлимга олиб кетилди.
Шундан сўнг, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги муносабат билдирди.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Россиянинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан расмий маълумот кутилмоқда. Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси ушбу масалани назоратга олган.
Маълумотларга кўра, рейд якунида ҳужжатларида муаммо аниқланган 5–6 нафар шахс ушлаб қолиниб, ҳолатни аниқлаш мақсадида ички ишлар бўлимига олиб кетилган ва улар орасида икки нафар Тожикистон фуқароси депортация қилинган.
"Россия Ҳукумати вакиллари ва йирик иш берувчилар томонидан Ўзбекистон фуқароларини ушбу мамлакатга тартибли ва ташкиллаштирилган тарзда ишга жалб қилишга йилдан - йилга кескин қизиқиш ортиб бораётган бир шароитда, айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан чет эл фуқароларига нисбатан бундай қўпол муносабатни кузатилиши афсус ва таассуф уйғотади.
Агар ушбу вазиятда жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари мавжуд бўлса, жумладан, уларга тан жароҳатлари етказилган, ҳуқуқлари бузилган ёки бошқа муаммоларга дуч келган бўлсалар, Миграция агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонасига қуйидаги алоқа воситалари орқали мурожаат қилишлари сўралади:
+7 925 045-47-44, Telegram: @pomoshrussiamigrant, @huquqiy_yordam_uzbot ", - дейилади муносабатда.
Изоҳ