Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонга 35 млн доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда Банк Матбуот хизмати хабар қилди.
Маблағлар фуқаролар ва хусусий секторнинг геофазовий маълумотлардан фойдаланишини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилади. Лойиҳа давлат хизматларини рақамлаштиришни давом эттиришга кўмаклашади ва бутун мамлакат бўйлаб ҳудудий ривожланишга ҳисса қўшади. Ўзбекистон ҳукумати лойиҳани биргаликда молиялаштириш учун 5,7 миллион доллар атрофида маблағ ажратади.
Ўзбекистонда жадал суръатлар билан кечаётган урбанизация жараёнлари натижасида аҳолининг 50 фоиздан ортиғи шаҳарларда яшамоқда. Бу тенденция, айниқса, йирик шаҳар агломерацияларида ер ресурслари, асосий инфратузилма ва таълим, соғлиқни сақлаш ва жамоат транспорти каби давлат хизматларига бўлган босимни кучайтирди. Шаҳарларнинг жадал ўсиши ердан фойдаланиш ва инфратузилма тўғрисида батафсил геофазовий маълумотларнинг етишмовчилигига олиб келди. Ўз навбатида, бундай маълумотларнинг етишмаслиги ҳокимият органларининг ҳудудий ривожланишни самарали режалаштириш ва бошқариш имкониятларини чеклайди, фуқаролар ва тадбиркорларнинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилади.
Лойиҳа Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан 2025-2030-йилларда амалга оширилади ва қуйидаги таркибий қисмларни ўз ичига олади:
1-компонент: Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини (ФММИ) ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш. Лойиҳа ФММИни Ўзбекистон электрон ҳукумати рақамли экотизимига интеграциясини чуқурлаштириш бўйича бир қатор тадбирларни амалга ошириш имконини беради. Улар учта янги маълумотларни қайта ишлаш марказини яратиш, ФММИнинг рақамли архитектурасини ишлаб чиқиш, турли хил геофазовий маълумотларни стандартлаштириш, шунингдек, миллий геопортални ривожлантиришни ўз ичига олади.
Шу билан бирга, ушбу чора-тадбирлар геофазовий маълумотларнинг шаффофлик даражаси янада юқори бўлишини таъминлайди ҳамда фуқаролар ва хусусий сектор учун ФММИ орқали долзарб маълумотларга ягона ва ишончли киришни таъминлан, уларнинг ишончини мустаҳкамлайди.
2-компонент: Минтақавий ва муниципал даражаларда геофазовий инфратузилмани мустаҳкамлаш. Лойиҳа минтақавий ва муниципал даражадаги картография ва геодезия тизимларини такомиллаштиради, шунингдек, миллий геодезия ва картография ускуналари ва дастурий таъминотини модернизация қилади, шу жумладан GPS маълумотларини олиш учун 80 та янги доимий ишлайдиган референс станцияларини (CORS) ўрнатади. Ушбу чора-тадбирлар бутун мамлакат бўйлаб картографик маълумотлар ва ер ресурслари тўғрисидаги маълумотларнинг аниқлигини оширади.
Шунингдек, Кадастрлар ва кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олишнинг интеграциялашган ахборот тизими (UZKAD) модернизация қилинади, объектларнинг жойлашган жойи тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ягона манзил реестри яратилади, давлат тузилмалари ва хусусий сектор ўртасида маълумотлар алмашинуви такомиллаштирилади.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳрида шаҳарнинг 3D модели ва муҳандислик коммуникациялари реестрини яратиш каби хариталаштиришнинг янги технологиялари, синовдан ўтказилади. Ушбу воситалар маҳаллий ҳокимият органларига шаҳарни ривожлантириш жараёнларини яхшироқ бошқаришга ва иқлим ўзгариши натижасида юзага келадиган табиий офатларга тайёргарлик кўришга ёрдам беради.
Умуман олганда, лойиҳа ер ресурслари ва кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги маълумотларнинг аниқлиги ва улардан фойдаланиш имконини оширади. Бу жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга ёрдам беради. Шунингдек, у тегишли аҳоли пунктларида янги корхоналарни ташкил этиш тўғрисида асосли қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган мавжуд ер участкалари ва кўчмас мулк тўғрисида хусусий секторнинг хабардорлигини оширади.
Изоҳ