Лойиҳага кўра, 2021 йил 1 авгyстдан давлат харидлари соҳасида шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида давлат харидлари соҳасида ўтказилаётган тендер (танлов)ларнинг натижаларини мажбурий тарзда очиқ эълон қилиш амалиёти жорий этилади.
Шу мақсадда Молия вазирлиги Адлия вазирлиги билан икки ой ичида давлат харидлари доирасида тузиладиган шартномаларда акс эттирилиши лозим бўлган коррупцияга қарши шартларни ишлаб чиқади ва тендер (танлов) шаклида ўтказиладиган давлат харидларида ҳамкорларни текшириш тартибини белгилайди.
Бундан ташқари, қурилиш соҳасида шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Қурилиш вазирлиги 2021 йил 1 октябргача:
— бюджет ва унга тенглаштирилган маблағлар ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари маблағлари ҳисобидан қурилиш-пудрат шартномаси учун ўтказиладиган тендерлар (танловлар)ни “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимининг маълумот алмашинувини таъминлаган ҳолда давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида электрон тарзда амалга ошириш амалиётини йўлга қўяди;
— қурилиш ва лойиҳа ташкилотлари рейтинги ва тендер савдоларидаги баҳолаш мезонлари ва методикасини қайта кўриб чиқиб, уларнинг очиқлигини таъминласин ҳамда қурилиш ташкилотлари тоифалари ва нарх бўйича таклифни баҳолаш механизмини жорий қилади;
— электрон тендер тизимида маълумотларнинг ҳаққонийлигини автоматик равишда текшириш ва баҳолаш механизмини ишга туширади.
Шу билан бирга, Транспорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан йўл қурилиши ва эксплуатацияси соҳасига шаффофлик стандартларини жорий қилиш мақсадида 2022 йил 1 январгача автомобиль йўллари соҳасига тегишли маълумотларни ўз ичига оладиган “Shaffof yo‘l” онлайн ахборот платформасини ишга туширади.
Платформа доирасида автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш объектларининг интерактив онлайн-харитаси ишлаб чиқилади ҳамда унда кейинги йилда қуриладиган ва таъмирланадиган йўл участкаларини аниқлаш ва уларни харитага жойлаш ҳамда буни жамоатчиликка тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилади.
Қонун лойиҳаси муҳокамаси 8 июлга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, қарор лойиҳасида порахўр амалдорлар рўйхати ва раҳбар кадрларнинг мажбурий ротацияси шакллантирилиши ҳам режалаштирилган.