Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари тасвирланган сурат тарқалди. Таъкидланишича, суратда у тўғридан-тўғри хизмат хонасида гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилаётгани экс этган.
ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан тезкор-қидирув тадбири ўтказилган. Натижада фотосуратдаги фуқародан 0,69 грамм гашиш моддаси мусодара қилинган. Суд-кимёвий экспертиза хулосасига кўра, модда гиёҳвандлик моддаси деб топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 276-моддаси 1-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиш, ташиш ёки жўнатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эркакнинг шахси ошкор этилмаган. Ички ишлар вазирлиги суд ҳукми чиқарилгунга қадар айбсизлик презумпсиясига риоя қилиш зарурлигини эслатди.