Излаш
RUUZ

Реклама

ЙТҲ содир бўлганда нима қилиш керак – йўриқнома

ЙТҲга учраганда нима қилиш, қаерга қўнғироқ қилиш, ҳодисани қандай расмийлаштириш ва нега автомобилни авария жойида расмга олиш кераклиги ҳақида айтиб берамиз.

582views0replies
0

ЙТҲ содир бўлганда биринчи навбатда машинани тўхтатиб, двигателни ўчириш ва авария сигнализациясини ёқиш лозим. Авария тўхтови белгисини ЙТҲ жойидан узоқроққа қўйинг – аҳоли яшаш пунктларида ҳодиса жойидан камида 15 метр, бошқа жойларда эса камида 30 метр масофада бўлиши керак. Масофа ҳайдовчиларга белгини олдиндан кўриб, тезликни пасайтириш ва ЙТҲ жойини четлаб ўтишга имкон беради.
Шунингдек, барча жабрланганларнинг аҳволини текширинг, зарур бўлса биринчи тиббий ёрдам кўрсатинг ва тез ёрдам чақиринг. Агар ёқилғи сизиб чиққан бўлса, аккумуляторни ўчиринг ва хавфсиз масофада туринг.
Кейин ҳодиса жойига ЙҲХХ ходимини чақириш лозим. 102 рақамига ёки ЙҲХХнинг туман бўлимларига қўнғироқ қилиш мумкин (Тошкент шаҳар ЙҲХХнинг навбатчи қисми: +998 71 255 10 47).
ЙПХ инспектори келмагунича ЙТҲга алоқадор қисмларга тегманг. Авария жойи ва зарарланган деталларни турли ракурсдан расмга олинг. Кейин эса йўлдан тушиб кетган бампер, қанот ва фараларни олиб ташланг.
Агар ЙТҲ вақтида одамлар, устунлар, бинолар, деворлар ёки шахсий нарсалар зарарланган бўлса, албатта ЙҲХХ ходимини чақиринг. Бундай ЙТҲларни мустақил равишда расмийлаштириб бўлмайди. Инспектор ЙТҲ ҳақида билдиришнома тўлдиради, схемани чизади, қоидабузарга жарима солади ва кейин нима қилиш кераклигини айтади.
Агар ЙТҲда автомобиль қаттиқ зарарланган бўлса, эвакуатор чақиринг. Хизмат нархи ўртача 250 000 сўм бўлади. Тошкентдаги эвакуацион хизматлардан бирининг маълумотларига кўра, биринчи 3 км учун нарх 150 000 сўм, кейин эса ҳар 5 км учун 50 000 сўм бўлади.
ЙТҲни қандай қилиб мустақил расмийлаштириш мумкин
2021 йилнинг ноябрь ойидан Ўзбекистонда ЙТҲни ЙҲХХ ходими иштирокисиз расмийлаштириш мумкин бўлди. Асосий қоида – аварияда жабрланганлар бўлмаслиги ва қоидабузар ўз айбини тан олиши керак. ЙТҲ европротокол бўйича қуйидагича расмийлаштирилади:
• қоидабузар ва жабрланувчининг маълумотлари билан махсус форматда билдиришнома тузинг;
• ЙТҲ вақтидан 4 соатдан кўп вақт ўтмасидан олдин алкоголли ичимлик қабул қилганлик/қилмаганликни текширтиринг;
• автомобиль ҳолатини фото ва видео орқали қайд этинг, материалларни ЙТҲ вақтидан 3 иш кунида суғурта компаниясига юборилиши керак бўлган билдиришномага киритинг;
Европротокол шартлари
ЙТҲни мустақил равишда европротоколнинг барча шартларига амал қилган ҳолда расмийлаштириш мумкин:
• аварияда жабрланувчига тан жароҳати, йўл ҳаракати бошқаруви воситаси ёки бошқа мулкка зарар етмаган бўлса;
• ЙТҲ иштирокчиси бўлган ҳайдовчиларнинг бири ўз айбини тўлиқ тан олса;
• ЙТҲ пиёда иштирокисиз содир бўлган бўлса;
• ЙТҲ икки транспорт воситаси тўқнашуви натижасида содир бўлиб, фақатгина автомобиллар зарарланган бўлса;
• транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги ЙТҲга қадар суғурталанган бўлса;
• ЙТҲ иштирокчиси бўлган ҳайдовчиларда ҳайдовчилик гувоҳномаси, қайд этиш гувоҳномаси, ишончнома ва йўл варақаси бўлса;
• ЙТҲ иштирокчиси бўлган ҳайдовчилар алкоголли ичимлик таъсирида бўлмаса;
• ЙТҲ оқибатида транспорт воситаларининг шикастланганлиги, шунингдек, транспорт воситаларининг зарарланган қисмларининг турлари ва ҳолати ҳодиса қатнашчилари ўртасида келишмовчилик юзага келтирмаса.
Юқорида айтиб ўтилган пунктларнинг биронтаси бузилса, билдиришнома ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Автомобиллар эгалари ўз машиналарини суғуртачи розилигисиз ёки суғурта товонини тўлаш/тўламаслик ҳақидаги қарор қабул қилинмагунича таъмирлашлари ёки утилизация қилишлари мумкин эмас.
ЙТҲ оқибатлари ва жарималар
Агар ЙҲҚни бузиш тан жароҳатига олиб келмаса ва зарар фақатгина катта бўлмаган моддий тарафдан бўлса, БҲМнинг 2 бараваридан 4 бараваригача (бир БҲМ миқдори – 340 000 сўм) жарима ёки 6 ойдан 1 йилгача ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш чораси қўлланилиши мумкин.
Агар ҳайдовчи томонидан ЙТҲ енгил тан жароҳати ёки сезиларли моддий зарар етказиб содир этилса, унда БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача жарима ёки 1 йилдан 3 йилгача ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
ЙПХ инспектори томонидан ЙТҲ расмийлаштирилгач, мутахассислар томонидан моддий зарар баҳоланади. Бунда суд қарори билан ЙТҲ айбдори томонидан тўланадиган миқдор ҳисоблаб чиқилади. Моддий зарар жаримадан алоҳида тўланади.
Оғир тан жароҳати етказилган ҳолатлар жиноят ишлари бўйича суд томонидан алоҳида кўриб чиқилади. ЎзР ЖКнинг 266-моддаси ўртача ёки оғир тан жароҳатига олиб келадиган хавфсизлик қоидаларини бузган ва транспорт воситаларини бошқарган шахсларни жазолашни назарда тутади. Бундай ҳолатларда БҲМнинг 50 бараваригача жарима, 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари кўзда тутилган.
Агар ҳодиса одам ўлимига сабаб бўлган бўлса, муайян ҳуқуқдан ва 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
ЙТҲ одамлар қурбон бўлиши, фалокат ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келса, муайян ҳуқуқдан ва 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазо белгиланиши мумкин.
582views0replies
0

Изоҳлар