Излаш
RUUZ

Иқтисодиёт

Жорий йилнинг 9 ойида мамлакат иқтисодиёти 5,8 фоизга ўсган

Шавкат Мирзиёев ҳузурида эришилган иқтисодий натижалар, 2024 йилга мўлжалланган макроиқтисодий прогнозлар муҳокама қилинди.

66views0replies
0

Қайд этилишича, сўнгги 9 ойда саноат 5,7 фоиз, қишлоқ хўжалиги 4,1 фоиз, хизматлар 12,1 фоизга ошган. Экспорт 23,5 фоизга ошиб, 17,7 млрд долларни ташкил қилган.
Иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ҳудудларда йирик саноат ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилаётгани ҳисобига, 226,6 трлн сўм инвестициялар ўзлаштирилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,8 фоизга кўпайди.
Давлат раҳбари дунёдаги оғир вазият иқтисодиётга салбий таъсир этаётгани ва номаълумлигича қолаётгани, шу боис барқарор иқтисодий ўсишни изчил давом эттириш учун ички имкониятларни кўпроқ ишга солиш зарурлигини таъкидлади.
2023 йилдан қўшилган қиймат солиғи 15 фоиздан 12 фоизга туширилди. Бунинг эвазига тадбиркорлар ихтиёрида 7 трлн сўм қўшимча маблағ қолган.
Шунингдек, ҳудудлар инфратузилмасини яхшилашга 35 трлн сўм, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга 19 трлн сўм йўналтирилган.
Йиғилишда 2024 йилда барқарор иқтисодий ўсишга эришиш чора-тадбирлари атрофлича муҳокама қилинди.
Ҳукуматга 2024 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурни мазкур стратегиядаги вазифаларни бажариш нуқтаи назаридан пухта ишлаб чиқиш топширилди. Бунда ялпи ички маҳсулотнинг ҳозирги ўсиш суръатини келгуси йилда ҳам давом эттириш учун барча имконият ва захиралар борлиги кўрсатиб ўтилди.
Хусусан, 2024 йилда 13 млрд долларлик 300 дан зиёд лойиҳани ишга тушириш, энергия таъминотини барқарорлаштириш, тармоқлар самарадорлиги ошириш ҳисобига саноатда 6 фоиз ўсиш имконияти бор.
Давлат раҳбари транспорт, сув хўжалиги, коммунал каби соҳаларда бошланган ислоҳотларни фаоллаштириш, бунда аҳоли ва бизнесни қўллаб-қуватлашга алоҳида аҳамият қаратиш зарурлигини таъкидлади.
66views0replies
0

Изоҳлар