Сенатнинг 37-ялпи мажлисида “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун тасдиқланди.
Йиғилишда сўнгги вақтларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари кўпайиб бораётганлиги, бу жараёнда тиббиёт ходимларини беморларнинг соғлиғи ёмонлашишида ёки ўлимида асоссиз равишда айблаш, шунингдек, ҳеч бир сабабсиз шифокорларга ва ўрта тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари юз бераётганлиги қайд этилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда.
Ушбу ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача (1,5-2,1 млн сўм), мансабдор шахсларга эса 7 баравардан 10 бараваргача (21,-3 млн сўм) жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
МЖтКнинг 305-моддасига мувофиқ ушбу тоифадаги ишларни кўриш муддати уч кунни ташкил этади.
Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олади. Шифокорлик касбининг мақоми ҳамда нуфузини оширишга, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.