Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда МЖтКга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Хусусан, фракция аъзолари томонидан МЖтКга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳаси билан дарахт ва буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик, йўқ қилганлик ёки бошқа жойга кўчириб ўтказганлик учун жарима миқдорларини ошириш белгиланмоқда.
Шунингдек, маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган ҳуқуқбузарлик учун ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш чораларини белгилаш кўзда тутилмоқда.
Фракция аъзолари томонидан лойиҳадаги ҳар бир норма атрофлича муҳокама қилиниб, бир қатор таклифлар берилди. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.