Осиё инфратузилма инвестициялари банки Бухоро-Мискин-Урганч-Хива темир йўлини электрлаштириш (турли тармоқларда электр энергиясини кенг жорий этиш – таҳр. эслатма) учун Ўзбекистонга 108 миллион доллар кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда Банк сайтида хабар берилди.
Томонлар ўртасидаги келишув Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида имзоланди.
Таъкидланишича, 465 километрлик темир йўлни электрлаштириш ва Бухоро-Мискин-Урганч-Хива йўналишида юқори тезликда ҳаракатланишни йўлга қўйиш орқали Ўзбекистон тез, ишончли ва тежамкор транспорт турини таъминлай олади.
Бу билан мамлакатда бизнес ва туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшади. Мазкур йўл Ўзбекистон ғарбидаги Хоразм вилоятининг чекка ҳудудларини республиканинг марказий ва шарқий вилоятлари билан боғлайди.
Қайд этилишича, лойиҳа тугаллангач, тезюрар поездларнинг 250 км/соат тезликда ҳаракатланишига имкон беради. Бу эса Бухоро ва Хива ўртасидаги йўл вақтини 3 соатга қисқартиради ва пойтахтдан Хивага 7 соатда етиб бориш имконини беради.