Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси сифатининг ёмонлашишига йўл қўймаслик ва унинг оқибатларини камайтиришга қаратилган механизмларни тасдиқлаш таклиф қилинмоқда. Бу бўйича Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Корхоналар фаолияти чекланади
Ҳаво ифлосланиши «қизил» ва «бинафша» даражага етганда, атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш даражаси бўйича I ва II тоифага кирувчи корхоналар зарарли моддалар чиқарилишини камайтириш учун ишлаб чиқариш қувватларини вақтинча пасайтириши керак бўлади.
Бунда стратегик объектлар ва алоҳида ҳуқуқий режимга эга объектлар мустасно этилади. Талабларга риоя этилишини экоинспекция назорат қилади.
Шунингдек, вилоят ва шаҳар марказлари ҳамда уларга туташ ҳудудларда жойлашган иссиқхона хўжаликларида ёқилғи сифатида бу мақсад учун мўлжалланмаган материаллардан фойдаланишнинг олдини олиш бўйича мунтазам рейдлар ўтказилади.
Ноқулай метеорологик шароитларда энергетика корхоналарига мазутдан ёқилғи сифатида фойдаланиш тақиқланиши таклиф этилмоқда. Энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш зарур бўлган авария ва фавқулодда вазиятлар бундан мустасно.
Автомобиллар ҳаракати чекланиши мумкин
Вилоят ва шаҳар марказларида ҳаво сифати ёмонлашганда катта юк кўтариш қувватига эга юк автомобиллари ҳаракатини вақтинча чеклаш ёки уларни айланма йўлларга йўналтириш таклиф қилинмоқда.
Зарур ҳолларда автомобилларнинг давлат рақамларига қараб, тоқ ва жуфт кунларда ҳаракатланиш тартиби жорий этилиши мумкин. Бу чеклов электромобиллар ва махсус транспорт воситаларига татбиқ этилмайди.
Шунингдек, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг асослантирилган таклифига кўра, транспорт ҳаракати вақтинча чекланадиган кўчалар ва йўл участкалари белгиланади.
Қурилиш ишлари ҳам чекланиши мумкин
Ҳаво сифати ёмонлашган даврларда шаҳар марказлари ва аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда қурилиш ишларини вақтинча чеклаш таклиф этилмоқда.
Қурилиш майдонларида чангни бостириш ускуналари ва технологияларидан мажбурий фойдаланиш, қурилиш материалларини ёпиқ ҳолда сақлаш ва ташиш, ҳудудни мунтазам намлаш ҳамда чанг чиқишини камайтиришга қаратилган бошқа талабларга риоя этиш белгиланмоқда.
Табиий чанг кўтарилиши кучайиб, ҳаво сифати ёмонлашган ҳолларда ҳокимликлар шаҳарлардаги мавжуд фаввораларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаши, марказий кўчалар, жамоат жойлари ва яшил ҳудудларни суғориш ҳамда намлаш ишларини кучайтириши керак бўлади.
Маълумот учун, ҳаво ифлосланишининг «қизил» даражаси зарарли моддалар концентрацияси рухсат этилган меъёрдан ошиб, аҳолининг катта қисми саломатлигига салбий таъсир кўрсатиш хавфи юзага келишини англатади. «Бинафша» даража эса ҳавонинг юқори даражада ифлосланганини ва чекловчи ҳамда профилактик чоралар кўриш зарурлигини билдиради.
Қарор лойиҳаси муҳокамаси 12 декабрга қадар давом этади.
Изоҳ