Ўзбекистонда касбий амалиёт институтини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасида назарда тутилган. Бандлик вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, бугунги кунда меҳнат бозорига илк бор кираётган ёшлар, шунингдек, фаолият соҳасини ўзгартиришга қарор қилган фуқаролар амалий тажриба ва меҳнат стажи йўқлиги сабабли ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келмоқда.
Иш берувчилар эса тажрибасиз номзодларни ишга қабул қилиш билан боғлиқ хавф-хатарлар ва қўшимча харажатлар туфайли уларни ишга олишга унчалик қизиқиш билдирмаяпти.
Ушбу муаммони ҳал қилиш учун уч ойгача муддатга ҳақ тўлаш мажбуриятисиз касбий амалиёт ўташ механизмини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Шу мақсадда Меҳнат кодексини 368-1-модда билан тўлдириш режалаштирилган. Унга кўра, амалиёт даври учун ҳақ тўлаш ёки тўламаслик масаласини иш берувчининг ўзи ҳал қилади.
Ишлаб чиқариш таълими шартномаси асосида касбий таълим ёки қайта тайёрлашдан ўтган шахслар кейинчалик ўша иш берувчига ишга жойлашганда стажировка ўташи талаб этилмайди.
Янги механизм иш қидираётганларга реал иш шароитида тажриба орттириш ва ўз билим ҳамда кўникмаларини намойиш этиш, иш берувчиларга эса номзодларнинг малакаси ва ташкилот талабларига мувофиқлигини молиявий мажбуриятларсиз баҳолаш имконини бериши кутилмоқда.
Шунингдек, бу барқарор меҳнат муносабатларини шакллантириш, ишсизликни камайтириш ва ёшлар бандлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланган.
Қонунчиликка амалиёт шартномасининг мазмунини белгилайдиган 368-2-моддани ҳам киритиш таклиф этилмоқда.
Унга кўра, касбий амалиёт шартномасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
• касб ёки лавозим номи;
• амалиётчига бириктирилган устоз ҳақидаги маълумотлар;
• амалиёт муддати;
• агар назарда тутилган бўлса, тўланадиган ҳақ миқдори;
• иш берувчининг амалиёт учун зарур шароитлар яратиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мажбуриятлари;
• амалиёт якунида сертификат бериш тартиби.
Ҳужжат муҳокамаси 9 декабрга қадар давом этади.
Изоҳ