• 11 988 сўм
    -2.65
  • 13 115 сўм
    -22.09
  • 145 сўм
    -0.83
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • 11 988 сўм
    -2.65
  • 13 115 сўм
    -22.09
  • 145 сўм
    -0.83
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Реклама Бугун, 13:25

Технологик FOMO нима ва у одатларимизга қандай таъсир қилади

Нега кечагина ақлли қурилмаларни ортиқча деб ҳисоблаган бўлсак, бугун кундалик ҳаётимизни уларсиз тасаввур қилолмаяпмиз? Технологиялар ижтимоий меъёрларни, қулайлик ҳақидаги тасаввурларимизни ва ўз вақтимизга бўлган муносабатимизни қандай ўзгартираётганини таҳлил қиламиз.

155
0
uznews.uz

Ҳар бир авлоднинг кундалик турмушда нималарсиз яшаш қийинлиги ҳақида ўз тасаввури бор. Бир вақтлар кир ювиш машинаси ҳашаматли буюм ҳисобланган, мобил телефон мавқе рамзи бўлган, озиқ-овқат маҳсулотларига уйдан чиқмай буюртма бериш эса фақат йирик шаҳар аҳолисига насиб этадиган имтиёздек кўринган.

Зарур деб ҳисоблайдиган нарсаларимиз нафақат технологиялар ривожи, балки атрофимиздаги одамлар таъсирида ҳам ўзгариб боради. Бошқалар кун тартибини қандай ташкил этиши, бўш вақтини қандай ўтказиши ва яқинларига қандай ғамхўрлик қилишини кузатиб, ўз одатларимизни қайта кўриб чиқамиз. Бу жараённинг бир кўриниши сифатида технологик FOMO ни келтириш мумкин.

Ақлли технологиялар даврида FOMO

FOMO (fear of missing out – бирор муҳим воқеа ёки имкониятдан бебаҳра қолиш қўрқуви) атамаси ижтимоий тармоқлар даврида кенг тарқалди. 2013 йилда психолог Эндрю Пшибильский ва унинг ҳамкасблари ушбу тушунчага таъриф берган. Уларнинг таърифига кўра, бу бошқа одамлар биз иштирок этмаётган, улар учун аҳамиятли ва қизиқарли тажрибаларни бошдан кечираётганини англаш натижасида пайдо бўладиган безовталик ҳисси.

Авваллари бу ҳодиса кўпроқ ижтимоий ҳаёт — саёҳатлар, кечалар, турли тадбирлар ва танишувлар билан боғлиқ ҳолда ўрганилган бўлса, бугун бундай ҳиссиётга атрофдагиларнинг ҳаёт тарзи ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Биз бошқалар иш жараёнида сунъий интеллектдан қандай фойдаланаётганини, тақиладиган ақлли қурилмалар ёрдамида соғлиғини қандай кузатишини ёки уй юмушларини қандай ташкил этишини кўрамиз. Бунда бизни технологиянинг ўзидан кўра, у тақдим этадиган имкониятлар кўпроқ қизиқтиради. Робот-чангютгич дам олиш кунларида бўш вақт кўпайишини, уй ҳайвонлари учун автоматик озиқлантиргич тўйиб ухлаш имкониятини, сунъий интеллектга эга ақлли колонка эса кундалик юмушларни қулайроқ ташкил этишни англатади.

Шу маънода технологик FOMO ни одатий ҳаёт тарзимиз билан технологиялар туфайли эришиш мумкин бўлган янги турмуш тарзи ўртасидаги тафовутга нисбатан реакция сифатида баҳолаш мумкин.

Технологиялар янги ижтимоий меъёрларни қандай шакллантиради?

Британиялик социолог Элизабет Шоув ўзининг Comfort, Cleanliness and Convenience: The Social Organization of Normality асарида жамиятда тозалик, қулайлик ва комфорт ҳақидаги тасаввурлар қандай ўзгаришини ўрганган. Янги технологияларнинг оммалашиши билан нафақат одатий юмушларни бажариш усули, балки жамият нимани меъёрий ҳолат деб қабул қилиши ҳам ўзгаради.

Бунга ақлли уй тизимларининг ривожланиши яққол мисол бўла олади. Яқин вақтларгача чироқни овоз орқали бошқариш технология ишқибозлари учун қизиқарли эрмакдек кўриниши мумкин эди. Аммо бундай бошқарув усули уй қурилмаларидан фойдаланишнинг одатий қисмига айлангач, ҳар сафар чироқ ўчиргич томон бориш ортиқча ҳаракатдек туюла бошлайди.

Янги меъёрга ўтиш бир зумда содир бўлмайди. Бир муддат турли одатлар ёнма-ён мавжуд бўлади: кимдир муайян қулайлик даражасига аллақачон кўниккан бўлса, бошқалар ҳали бунга эҳтиёж сезмайди. Технологик FOMO айнан шундай ўтиш даврларида яққолроқ намоён бўлади.

Нега атрофдагиларнинг танловлари рекламадан кўра ишончлироқ?

Америкалик социолог, инновацияларнинг тарқалиши назарияси муаллифи Эверетт Рожерс янги технологияларнинг оммалашишига таъсир қилувчи омиллар қаторида одамларнинг улардан фойдаланиш натижаларини ўз кўзи билан кўра олишини ҳам қайд этган.

Қурилманинг техник хусусиятлари унинг ҳаётимизга қанчалик мос келишини ҳар доим ҳам тушунишга ёрдам бермайди. Уни одатий уй шароитида қандай ишлатаётганларини кўриш эса анча тушунарли.

Масалан, ҳеч қачон ақлли колонкадан фойдаланмаган одам уни оддий аудио қурилма деб ўйлаши мумкин. Аммо сунъий интеллект ёрдамчиси оила кундалик ҳаётининг бир қисмига айланган хонадонга борганида, унинг имкониятлари анча кенг эканини англайди.

Алиса ўз вақтида уйғонишга, об-ҳаво маълумотларини билишга ва севимли мусиқани қўйишга ёрдам беради. Ошхонада ундан таом рецептини сўраш, етишмаётган масаллиқ ўрнига нимадан фойдаланиш мумкинлигини аниқлаш ёки таомни қанча вақт пишириш кераклигини билиш мумкин. Шу билан бирга, таймерни ҳам ишга тушириш мумкин.

Сунъий интеллект ёрдамчисининг имкониятлари оддий маиший вазифалар билан чекланмайди. Алиса нотаниш тушунчаларни изоҳлаб бериши, қизиқарли маълумотларни айтиши, оилавий ҳордиқ учун ғоялар таклиф қилиши мумкин. Болалар эса ундан эртак эшитиш, ўйин ўйнаш ёки атроф-муҳит ҳақида янги маълумотлар олиш учун фойдаланишлари мумкин. Кечқурун эса унинг ёрдамида ақлли уй қурилмаларини бошқариш мумкин.

Ахборот олиш одатимиз ҳам ўзгармоқда: смартфонни қўлга олиб, қидирув тизимини очиш ўрнига, одам жорий машғулотини тўхтатмасдан, овоз орқали савол бериши мумкин.

Ижтимоий тармоқлар бундай кузатув имкониятларини бир неча баробар кенгайтиради. Эрталабки одатлар ҳақидаги видеолар, аэрогрилда тайёрланадиган таомлар рецептлари, уй учун харидлар шарҳи ва хонадонни тартибга келтириш ҳақидаги ҳикоялар замонавий турмуш тарзи ҳақида умумий тасаввурни шакллантиради.

Бунда биз кўпинча технологиянинг ўзинигина эмас, балки бошқалардан кўрган фойдаланиш усулини ҳам ўзлаштирамиз. Шу тариқа шахсий одатлар аста-секин барқарор ижтимоий амалиётларга айланиши мумкин.

Маиший юмушларни автоматлаштиришдан ақлий юкламани камайтиришгача

Узоқ вақт давомида маиший техника тараққиёти асосан жисмоний меҳнатни автоматлаштириш билан боғлиқ бўлди. Бугун эса технологиялар уй юмушларининг кўзга унчалик ташланмайдиган бошқа бир жиҳати — уларни ташкил этишда ҳам ёрдам бермоқда. Масалан, кимдир маҳсулотлар тугаб бораётганини эслаб туриши, харидларни режалаштириши, оилавий жадвални назорат қилиши ва бошқа ўнлаб майда-чуйда вазифаларни ёдда сақлаши керак.

2019 йилда социолог Эллисон Дамингер уй меҳнатининг ақлий-идрокий жиҳатига бағишланган тадқиқотини эълон қилди. 35 нафар оилавий жуфтлик билан ўтказилган суҳбатлар асосида у бундай меҳнатнинг бир нечта таркибий қисмини ажратган: эҳтиёжларни олдиндан кўра билиш, ечим излаш, қарор қабул қилиш ва унинг бажарилишини назорат қилиш. Сўровда иштирок этган оилаларда кўпинча кўзга ташланмайдиган бу ақлий меҳнатнинг катта қисми аёллар зиммасига тўғри келган.

Когнитив психологияда cognitive offloading — «ақлий юкламани ташқи воситаларга ўтказиш» тушунчаси мавжуд. Бу атама бирор вазифани бажариш учун зарур ақлий саъй-ҳаракатни камайтириш мақсадида ташқи воситалардан фойдаланишни англатади. Ҳатто оддий кундалик дафтарга режаларни ёзиб қўйиш ҳам шу ҳодисага мисол бўла олади.

Сунъий интеллект ёрдамчилари бу имкониятни янада кенгайтиради: уй юмушлари билан банд бўлган пайтда харид қилиш ёки бажариш керак бўлган бирор иш хаёлга келса, жорий машғулотдан чалғимасдан, уни овозли эслатмага айлантириш мумкин.

Бу жиҳатдан Алиса ўрнатилган Станция бошқа кўплаб маиший гаджетлардан фарқ қилади. Агар аэрогриль таом тайёрлашга, робот-чангютгич эса уй тозалашга ёрдам берса, сунъий интеллект ёрдамчисининг имкониятлари битта вазифа ёки муайян вақт билан чекланмайди.

Овозли бошқарув технологиялардан турли авлод вакиллари фойдаланишини осонлаштиради. Ақлли колонкадан фойдаланиш учун иловалар ва созламаларни тушуниш шарт эмас — унга одатий тилда мурожаат қилиш кифоя. Масалан, Алиса рус ва ўзбек тилларини тушунади, шунинг учун ундан оиланинг барча аъзолари фойдаланиши мумкин.

Албатта, технологияларнинг ўзи уй юмушларини тақсимлаш муаммосини ҳал қилмайди. Бироқ улар аввал доимий эътибор ва назоратни талаб қилган майда вазифаларнинг бир қисмини бошқа воситаларга топшириш имконини беради.

Технология қачон одатга айланади?

Инсоннинг технологиялар билан муносабатидаги энг қизиқ босқич, эҳтимол, уларни алоҳида технологик янгилик сифатида қабул қилишдан тўхтаган пайтда бошланади. Ақлли колонкани сотиб олганимиздан кейинги дастлабки кунларда овозли буйруқлар билан тажриба ўтказишимиз, унинг имкониятларини меҳмонларга намойиш қилишимиз мумкин. Вақт ўтиши билан эса бу ҳаракатлар деярли ўйлаб ўтирмай бажариладиган оилавий одатларга айланади.

Шундай ўзига хос айланма жараён юзага келади: бошқаларнинг одатларини кузатиш технологияга қизиқиш уйғотади, шахсий тажриба эса хулқ-атворнинг янги моделларини шакллантиради. Кейинчалик бу моделлар атрофдагилар учун ҳам намунага айланади.

Шунинг учун ҳам технологик FOMO ортида ҳар доим модага эргашиш истаги турмайди. Баъзан бошқаларнинг тажрибаси бизга анчадан бери кўникиб қолган ноқулайликларимизни пайқаш ва одатий юмушларни бошқача бажариш мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўриш имконини беради.

Охир-оқибат, технологияларнинг қадри уйдаги қурилмалар сони билан эмас, балки улар ҳаётимизга қанчалик мослашгани ва биз учун ҳақиқатан ҳам муҳим бўлган ишларга қанча вақт ва эътибор ажратиш имконини бериши билан белгиланади.

Реклама ҳуқуқи асосида

155
0

Изоҳ